22.12.2024, Якшанба

Полвонлар прокурор кубоги учун беллашди

Нукусда кураш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокурори кубоги учун мусобақа бўлиб ўтди.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоб қилиниб, «Йилнинг энг яхши тренери», «Йилнинг энг яхши ҳаками», «Йилнинг энг яхши спортчиси», «Йилнинг энг яхши ҳамкор ташкилоти», кураш спорт турини тарғиб қилган энг яхши оммавий ахборот воситаси ходими ва бошқа номинациялар бўйича ғолибларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада 6 та жамоадан 53 нафар ўсмир ва 12 нафар қиз ўзаро куч синашди.

 

Ўз вазн тоифаларида ўсмирлар ўртасида Анвар Алламбергенов, Атабек Бегалиев, Менлибек Юлдашев, Зарапатдин Турдимуратов, Руфат Бегалиев, қизлар ўртасида Бийбирўза Қоллибекова, Индира Елмуратова биринчи ўринларни эгаллади.

 

 Ғолибларни Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Ф.Е.Алламбергенов қутлаб, уларга диплом, медаль ҳамда эсдалик совғаларини топширди. Унинг якуни бўйича шаклланган жамоа Тошкент шаҳрида Бош прокурор соврини учун бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этади.

 


ҚР Прокуратураси Ахборот хизмати