22.12.2024, Якшанба

НУКУСДА САФАРБАРЛИК ЧАҚИРУВ РЕЗЕРВИ БАТАЛЬОНИНИНГ КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАНГАН БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Нукус гарнизонидаги қайта таъмирдан чиққан Сафарбарлик чақирув резерви (СЧР) батальонининг биноси тантанали тарзда фойдаланишга топширилди.

Тадбирда сўзга чиққан округ қўшинлари қўмондони ҳарбий хизматчиларни яқинлашиб келаётган Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами билан табриклаб, сўнгги йилларда умумхалқ байрамлари арафасида ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий пенсионерларга янги қурилаётган шинам уйлар, ҳарбий-маъмурий объектлар тантанали тарзда топирилиши ижобий анъанага айланганини эътироф этди.


“Қорақалпоғистон Республикаси Ҳарбий-маъмурий сектори кўмаги билан 2020 йилнинг декабр ойида округимизда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, ҳарбий хизматчилар учун барча шарт-шароитларга эга бўлган “Нукус” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилиши тарихий воқеа бўлди. Бу ўз ўрнида ҳарбий бўлинмаларимизнинг жанговар шайлигини янада оширишга қўшимча имконият яратди. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва халқига самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз”, – деди нутқида полковник Фарҳоджон Шерматов.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Муратбай Жуманов эндиликда бу маскан СЧР хизматига келган йигитлар учун назарий билимларни ўзлаштирадиган, ватанпарвар қилиб тарбиялайдиган асосий билим даргоҳларидан бирига айланишини тилади. Президентимиз томонидан Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларига яратилаётган қулайликлар ва шарт-шароитларга ҳарбий хизматчилар ўзларининг фидокорона хизматлари билан муносиб жавоб қайтаришига ишонч билдирди.


Таъкидлаш жоизки, 500 ўринга мўлжалланган СЧР батальони биноси уч қаватдан иборат бўлиб, олдин бу ерда хизматчиларнинг яшаши ҳамда сифатли таълим-тарбия олиши учун етарлича шарт-шароит ва қулайликлар етарли даражада мавжуд бўлмаган. Олиб борилган капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари натижасида қисқа вақт ичида бинодаги барча объектлар тўлиқ реконструкция қилиниб, эскириб кетган мебель ва жиҳозлар янгиланишига эришилди.

Олиб борилган қурилиш ишлари натижасида батальон биносининг ички қисмида бўлинма командирлари учун 10 та хизмат хонаси, бир вақтнинг ўзида 500 нафар хизматчини жойлаштириш имконига эга бўлган 13 та машғулот ва 3 та маиший хизмат кўрсатиш хоналари, 3 та кенг ва шинам ётоқхоналар, 5 та санитар тизим қайта такомиллаштирилди. 7 минг бадиий адабиёт ва 10 мингта электрон китобга эга бўлган ҳамда Ziyo-net миллий ахборот-таълим тармоғига уланган кутубхона бу ерда ёшларнинг маънавиятини, маърифатини юксалтиришга хизмат қилади.

Илгари хизматчиларнинг маданий ҳордиқ олиши, турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, кинофильмлар томоша қилиши учун махсус ажратилган жойнинг бўлмагани тарбиявий ишларни ташкил этишда бирмунча қийинчиликлар туғдириб келган. 200 ўринга мўлжалланган янги мажлислар зали юқоридаги муаммоларга ечим бўлди.

600 ўринга мўлжалланган ва замонавий стандартларга мос тарзда жиҳозланган шинам ошхона мажмуаси хизматчиларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотларидан тайёрланган ва калорияга бой миллий таомларни уч маҳал дастурхонга тортиқ этади.

Тадбир давомида СЧР биносини таъмирлаш ишларини олиб борган корхона раҳбариятига ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан миннатдорчилик билдирилди.

Бинонинг очилиш маросимидан сўнг ташриф буюрган меҳмонлар бу ерда яратилган янги шароитлар билан яқиндан танишиб, мамлакатимиз ўз армиясига бўлган юксак эътиборини ўзларида ҳам ҳис қилишди. Айниқса, олдин ушбу ҳарбий округда хизмат қилиб, бугун нафақа гаштини сураётган ҳарбий пенсионерларнинг бунёдкорлик ишларидан ҳайрати чексиз бўлди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати