22.12.2024, Якшанба

Бир гуруҳдан уч ғолиб ёки ҚҚДУ талабалари “МДҲнинг энг яхши ёш олим“лари бўлишди

Ёшлик - куч-ғайратга тўла давр. Айниқса, талабалик даври инсонга чексиз имкониятлар эшигини очиб беради. Ана шундай имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиб келаётган, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети, журналистика таълим йўналиши 3 босқич талабалари Акмал Сражатдинов, Адилбек Латипов ва Динора Файзуллаевалар Қозоғистон Республикасида ўтказилган “МДҲнинг энг яхши ёш олими“ халқаро танловида иштирок этиб, журналистика йўналишида ғолибликни қўлга киритишди.

 Аҳамиятли жиҳати мазкур танловда ғолиб бўлганликлари учун 1 даражали Диплом билан тақдирланибгина қолмасдан, “Энг яхши ёш олим“ кўкрак нишони билан ҳам тақдирланишди.

 Акмал Сражатдинов бугунги кунда ўз соҳасида ҳам назарияни, ҳам амалиётни бирга олиб бораётган талабалардан. Журналистика кафедрасида ташкил этилган “Журналистларни тайёрлаш клуби“ раҳбари. Акмал Сражатдинов ҳам илмий соҳада илк ютуқларни қўлга киритмоқда. Унинг илмий мақолалари дунёнинг илмий журнал ва илмий-амалий конференцияларда илмий мақола ва тезислари эълон қилинган. Халқаро, республика танловлари иштирокчиси. Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси. Қозоғистон Республикасининг “Дунё истеъдодлари уюшмаси“ ва Қирғизистон Республикасининг “Қирғиз шоир-ёзувчиларининг жамоатчилик фонди“ аъзоси. 2020 йил ўтказилган “Йил талабаси-2020“ республика таънловининг университет босқичида “Йилнинг энг фаол блогер талабаси“ номинациясида ғолиб бўлган.


 Адилбек Латипов изланувчан талабалардан. У ҳам ижодда, ҳам илмий соҳада изланишлар қилиб, ўз устида ишлаб келмоқда. Халқаро илмий журнал ва илмий-амалий конференцияларда илмий мақола ва тезислари эълон қилинган. Нафақат илмда, ижодда ҳам юқори ютуқларга эришмоқда. Адилбек Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси. Қозоғистон Республикасининг “Дунё истеъдодлари уюшмаси“ ва Қирғизистон Республикасининг “Қирғиз шоир-ёзувчиларининг жамоатчилик фонди“ аъзоси. Халқаро ижодий танловлар ғолиби. 2020 йил ўтказилган “Йил талабаси-2020“ республика таънловининг университет босқичида “Йилнинг энг фаол ижодкор талабаси“ номинациясида ғолиб бўлган.

 Динора Файзуллаева тиришқоқ талабалардан бири. Илм билан шуғуллана бошлаганига кўп бўлмаган бўлса ҳам илмий изланишларининг илк натижаларини халқаро ва республика илмий-амалий конференция ва анжуманларда эълон қикиб бормоқда. “МДҲнинг энг яхши ёш олими“ халқаро танловдаги ютуғи эса Диноранинг илк энг катта ютуғи бўлди.

 -Пандемия даври ўзимизни, ўзлигимизни англашга сабаб бўлди, - дейди Динора Файзуллаева. - Карантин пайти бўш вақтимиздан унумли фойдаланиб, илмий мақолалар ёза бошладим. Албатта илм соҳаси ўз йўлига мураккаб. Бу йўлда бизга устозларимиз кўмаги анчайин асқотади. Кафедрамиз ўқитувчилари Қумар опа Бегниязива, Зияда опа Кожикбаева каби устозларимиздан журналистика соҳасига оид билимларни ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан ўрганяпмиз. “МДҲнинг энг яхши ёш олими“ танловидаги ғолиблик мен қатори Акмал ва Адилбекнинг илмий ишларида дебоча бўлди деб ўйлайман.

 Мамлакатимизда ёшларга қаратилган имкониятлар энг аввало, уларнинг ёрқин келажакларини кўзлаб амалга оширилмоқда. Акмал Сражатдинов, Адилбек Латипов ва Динора Файзуллаева каби ёшлар эса мамлакат келажагининг чинакам бунёдкорлари десак асло янглишмаймиз. Ғолибларимизга "МДҲнинг энг яхши ёш олими" мукофоти муборак бўлсин!