22.12.2024, Якшанба

Бозорларимиздаги нарх-наво: энг қиммат мева Тошкент шаҳрида, энг арзони Қорақалпоғистонда

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида буғдой уни ўртача 12,9 фоизга қимматлашди.


Пандемия даврида асосий озиқ-овқат товарларига, хусусан, буғдой унига ҳам талабнинг кескин ошиши натижасида март-май ойларида ушбу товар нархида юқори ўсиш кузатилди.

Таҳлиллар мамлакатимизда ва асосий савдо ҳамкор давлатлар – Россия ҳамда Қозоғистонда жорий йилги буғдой ҳосилининг кутилгандан кўпроқ бўлганлигини, келгусида ушбу маҳсулот нархининг юқори ошишига сабаб бўладиган омилларнинг йўқлигини кўрсатмоқда.

Аҳоли энг кўп истеъмол қиладиган гуруч ҳам жорий йилнинг дастлабки 10 ойида ўртача 13,2 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида гуруч нархининг энг юқори ўсиш даражаси Қорақалпоғистон Республикасида 19,3 фоизга етган бўлса, энг паст ўсиш Сурхондарё вилоятида 7,8 фоиз экани аниқланди.

Тадбиркорлар ҳамда гуруч етиштирувчи деҳқонлар фаолиятининг ўрганишларда, бу йилги мавсумда сув танқислиги сабабли гуруч ҳосили кутилган ҳажмидан сезиларли даражада кам бўлганлиги аниқланди. Бу келгусида ушбу маҳсулот нархига маълум даражада қўшимча босимни юзага келтириши мумкин.

Қайд этиш керакки, кузатилаётган давр мобайнида мева ва сабзавотлар нархлари умумий инфляцияга пасайтирувчи омил сифатида хизмат қилиб, йил бошига нисбатан 3,3 фоизга пасайди. Хусусан, сабзавотлар ўртача 20,5 фоизга арзонлашган бўлса, мевалар 4,3 фоизга қимматлашди.

Ҳудудлар кесимида, сабзавот нархларининг энг юқори арзонлашиши Сурхондарё вилоятида (33,8 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст арзонлашиш Хоразм вилоятида (12,5 фоиз) қайд этилди.

Шунингдек, мевалар нархидаги энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида (20,6 фоиз) ва энг паст арзонлашиш кўрсаткичи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди.

Қайд этиш керакки, мева ва сабзавотлар нархи юқори мавсумийлик характерига эга бўлиб, аввалги йиллардаги трендига асосан келгуси ойларда ушбу маҳсулотлар нархларининг мавсумий қимматлашишини кутиш мумкин.


ЎзА