22.12.2024, Якшанба

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ТАЪЛИМ – ТАРБИЯСИ БАРЧАМИЗ УЧУН ЭНГ ЗАРУР ДОЛЗАРБ МАСАЛА


Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда мамлакатимизда таълим-тарбия, илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кутилаётган ўзгаришлар танқидий руҳда муҳокама этилди.

Мажлисда ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани тилга олинди.

Жумладан Президентимиз: – Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак, – дея алоҳида таъкидлади.

Шарқда илм маърифат азалдан ардоқлаб келинган, мураббийлар ва устозлар табаррук зотлар саналган. Қадимий китобларимиздан бири “Қутадғу билиг”да илм-маърифат – саодат  калити деб таърифланади. Шундай экан саодат калитини инсонга тутқазган устозлар, ўқитувчилар чексиз эҳтиромга лойиқдирлар.

Дарҳақиқат, таълим ва тарбия масаласига катта эътибор бераётган давлатлар бугун илм фан соҳасида етакчиликни қўлга киритаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу маънода, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида таълим тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, инсонларнинг онгу тафаккурини ўзгартиришга қаратилаётган Президент Фармон ва Қарорларининг ижросини таъминлаш, соҳада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, энг асосийси ўқитувчи ва педагогларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш давлатимиз сиёсатининг узвий бўғини сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат regulation.gov.uz порталига қўйилиб, барча ҳудудларда, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Бу борада партиямиз вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Фармон лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашувлар партиямизнинг барча шаҳар ва туман Кенгашлари вакиллари ҳамда депутатларимиз томонидан ўтказилиб, учрашувларда унинг мазмун моҳияти ва аҳамияти кенг тарғиб қилинди. Зеро, Фармон лойиҳасида белгиланган вазифалар партиямиз ғоя ва мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.

Шунингдек, йиғилишда Парламент вакиллари ҳамда жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш, фармон қабул қилингач, ижросини назоратга олиш, ўз тажрибалари билан амалий ёрдам бериш сўралди.

Партиямиз Сайловолди Дастурида мамлакатимизда тарбия ва таълим тизимини ислоҳ қилиш, унинг сифатини ошириш бўйича фаол иш олиб бориш лозимлиги таъкидланган. Партиямиз бунинг учун тизимни изчил такомиллаштириб боришни зарур деб ҳисоблайди.

Демакки, партиямиздан сайланган барча даражадаги депутатлар албатта, таълим-тарбия соҳасини ўзлари учун устувор билиб, бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этиши керак. Унутмаслигимиз керак, фарзандларимиз таълим – тарбияси барчамиз учун энг зарур долзарб масала, чунки улар келажагимиз ворисларидир.

 

Тажибай Романов

ЎзМТДП ҚР Кенгаши раиси,

Жўқорғи Кенгесдаги ЎзМТДП

фракцияси раҳбари