22.12.2024, Якшанба

Вазирлар Маҳкамаси коронавирусга оид яна бир қарорни қабул қилди


“Коронавирус пандемияси даврида ташқи иқтисодий фаолият, туризм ва қурилиш соҳаларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (665-сон, 29.10.2020 й.) қабул қилинди.

 Коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида зарар кўрган ва кўраётган ташқи иқтисодий фаолият ва туризм соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини ҳамда замонавий уй-жой қурилиши билан банд бўлган қурилиш-пудрат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг автотранспорт воситалари паркини янада янгилаш ва модернизация килиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 Қарорга кўра, 2022 йил 31 декабргача қуйидагиларга утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.

 Юк ташиш учун мўлжалланган "Евро-5" ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган шатакчи автомобиллар (ТИФ ТН коди 8701 20, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно), шунингдек, тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошганлари бундан мустасно);

 юк ташиш учун мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8704 22, 8704 23) ҳамда махсус мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8705 10, 8705 40, 8705 90);

 ҳайдовчи билан бирга 10 ва ундан ортиқ йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган, "Евро-5" ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8702, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно).

 

ЎзА