22.12.2024, Якшанба

Амударёга китоб карвони етиб келди

Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Амударё тумани мактаблари учун жўнатилган 70 хил номдаги 2 минг 500 га яқин бадиий адабиётлар карвони манзилга етиб келди.

 Бу китоблар тумандаги 38-умумтаълим мактабида барча таълим муассасаларига тенг тақсимланди.


Алломаларимиз айтганидек, китоб – беминнат устоз. Ҳар дақиқа у бизни донишмандларнинг билим хазинаси билан ошно эта олади. Дарҳақиқат, китобдан олинадиган билим ва маънавий қувватни ҳеч бир манба бера олмайди. Ҳатто бугунгидай шиддат билан ривожланаётган замонда ҳам бу бебаҳо неъмат ўқувчининг доимий ҳамроҳи бўлиб келмоқда. Китоб ўқиган ўғил-қиз борки, фикри теран, ўқиши намунали, сабоқларни ўзлаштириши тахсинга лойиқ бўлади.

Энг сара асарлар дурдоналаридан иборат китоблар жамланмаси ўқувчи-ёшларнинг дунёқарашини янада кенгайтириб, маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз. Таълим масканларига ушбу китоблар етказилганидан сўнг, ўқувчилар ўртасида китобхонликни янада тарғиб қилиш, уларда миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарини мутолаа қилишга қизиқиш уйғотиш мақсадида мактабларда «Китоб тақдимоти», «Китоб ҳафталиги», «Мен севган адиб» каби тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири