Юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётгани, зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилгани Элликқалъалик чорвадорларга қўл келмоқда.
Элликқалъа туманида инвестиция дастури доирасида чорвачилик тармоғини равнақ топтиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар асосида қатор чорвачилик комплекслари барпо этилмоқда. Бу лойиҳалар халқимизни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ҳамда даромадларини кўпайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам Элликқалъа туманида чорвачиликни янада ривожлантириш, чорва моллари наслини яхшилаш, гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун, тумандаги “Қирққизобод” овул фуқаролар йиғини худудидаги “Чайка азамати” чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалигига 2 млрд 500 млн миллион сўм халқ банки банк кредити ҳисобига Германия давлатидан “Симментал” зотли 92 бош наслли қорамол келтирилди. Аҳамиятлиси, бу чорва молларининг урғочи сигирлар 1 боши наслли буқа бўлиб, келгусида улардан наслли чорва моллари олиш орқали зотли қорамоллар сонини кўпайтириб, янги иш ўринлари вужудга келтириш кўзда тутилган.
Элликқалъада соҳада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда чорванинг сонини ошириш, маҳсулдорлик сифатини яхшилаш, наслчилик ресурсларини яратиш ва сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад нафақат туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, балки чорвачилик маҳсулотлари экспортини янада оширишдир.
Элликқалъа тумани
ҳокимлиги ахборот хизмати.