22.12.2024, Якшанба

Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир


Келажакда катта марраларни кўзлаган давлат келгуси авлоднинг, келажак эгаларининг билимли, салоҳиятли бўлишига аҳамият қаратади. Илм-фан ривожига, таълим тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор беради. Боиси, ҳар қандай давлатнинг келажагини ўсиб келаётган ёш ва малакали етук мутахассисларсиз тасаввур этиш қийин.
Шу сабаб муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида барча соҳалар қаторида илм-фан ривожида, таълим тизимида изчил ўзгаришлар, ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида туманимизда кўпгина ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Боланинг мактаб дастурини яхши ўзлаштириб кетиши ва ақлий имкониятларини очиб беришида мактабгача тарбия муассасаларининг ўрни беқиёсдир. 2018 йил декабрь ойидан бошлаб туманимизда мактабгача таълим тизимида 6 ёшли болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш мақсадида “ноль” синфлар ташкил этилди. Бу “ноль” синфларга 3717 нафар болаларимиз жалб қилинди. Болаларимиз тажриба синов майдончасида юқори натижаларга эришдилар ва Мактабгача таълим вазирлиги томонидан сертификатлар олиб мактабга қабул қилиндилар. Ушбу тажриба синов туманимизда яхши натижа кўрсатганлиги сабабли туманимиз вазирлик томонидан пилот, яъни биринчилар қаторидаги туман деб эътироф этилди ҳамда республика миқёсида ушбу тажриба қўлланиланилди.
Туманимизда бугунги кунда 32 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 7 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва 21та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, жами 60 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида 11865 нафар тарбияланувчилар бўлиб, улар орасида 6 ёшли болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш мақсадида ташкил этилган бир йиллик бепул мажбурий таълимга қамраб олинган.
Шуни алоҳида қувонч билан айтиб ўтишимиз жоизки, 2017 йилда туманда боғчалар сони 20 та бўлиб, фарзандларимизни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 12%ни ташкил этар эди. Жорий йилда туманда боғча ёшидаги болаларнинг қамрови 66,7%ни ташкил этади.
-ХХI аср компьютер ва технологиялар асридир. Бугунги даврнинг болалари ҳам бундан 5-10 йил олдинги болалардан тубдан фарқ қилади. Замон билан ҳамнафас бўлиш ва қадам ташлаш учун эса биз болаларимизни боғча ёшидан бошлаб тарбиялашимиз зарурдир. Икки йил давомида туманда бу борада олиб борилаётган ишларимиз ўз натижасини кўрсатмоқда. Ҳозирги даврда ҳам тумандаги олис қишлоқда яна бир мактабгача таълим масканини ишга тушириш учун қурилиш ва таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Пандемия чекловлари тугагач эса биз болажонларимизнинг мактабгача қамровини жорий йил охиригача 70 %га етказишни кўзламоқдамиз, дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Р.Розумбетова.
“Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган тамойилга асосланган ҳолда, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини пухта ишлаб чиқиш, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир.
Юртбошимиз фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтиомий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш, бундан буён ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади, деган даъваткор сўзлари ҳам бугун мактабгача таълим соҳаси ходимларига айниқса кўтаринкилик бағишлайди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати