22.12.2024, Якшанба

Элликқалъа туманида 9 нафар турли соҳа вакилларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди

Бугунги кунда бутун инсоният қатори кўп миллатли халқимиз ҳам коронавирус пандемияси оқибатида юз берган оғир синов ва қийинчиликларга қарши сабот-матонат билан кураш олиб бормоқда.

Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимизнинг  2020 йил 26 августдаги ПФ-6046-сонли «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида» ги фармонига кўра «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирландилар.





Шу муносабат билан Элликқалъа тумани ҳокимлигида  тумандаги 9 нафар турли соҳа вакилларининг тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирни туман ҳокими С. Авезов кириш сўзи  билан очиб берди. Ўз сўзида глобал пандемия ҳамда турли табиий офат ва фавқулодда ҳолатларга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этаётган, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан барчага ўрнак бўлаётган юртдошларимиз муносиб тақдирланганлигини таъкидладилар.


Тадбирда коронавирус пандемияси даврида  хомийлик хайрияларини кўрсатган саховатли инсонлар, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ҳамда коммунал соҳаларида  жонбозлик кўрсатган бир қатор  юртдошларимизга ушбу кўкрак нишонлари топширилди.

 «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланган барча тумандошларимизни  самимий муборакбод этиб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

 

Элликқалъа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати