22.12.2024, Якшанба

ПРЕЗИДЕНТ МАСЛАҲАТЧИСИ ЎРИНБОСАРИ БОШЧИЛИГИДАГИ ИШЧИ ГУРУҲ АМУДАРЁДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

 Бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролар билан ишлаш бўйича яхлит тизим яратилди. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида инсонларнинг муаммоларини тинглаш, уларни жойида бартараф қилиш, аҳолига фаровон турмуш шароитларини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда аҳоли билан учрашиш, инсонлар билан яқиндан мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммо ҳамда камчиликларини ўрганиш, ҳал қилиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

18 сентябрь куни аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган соҳалар бўйича муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида Амударё туманида навбатдаги оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари, республикамиздаги вазирликлар, маъмурий органлар, идора-ташкилотлар, хўжалик бирлашмаларидан жалб қилинган мутасадди раҳбарлар иштирок этдилар. Шунингдек, туман ҳокимлиги мутасаддилари, бўлимлар, муассаса ва корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда аҳоли вакиллари қатнашдилар. Унда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов нутқ сўзлаб, сайёр қабулларни ташкил қилишдан кўзланган мақсадлар ҳамда унинг аҳамияти хусусида тўхталди.

 

Таъкидланганидек, ҳукумат раҳбарларининг аҳоли билан бевосита мулоқотга кириши, айниқса, сайёр қабуллар ташкил этиб, мурожаатчилар ҳузурига бориши халқимизнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда аҳолига муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ҳамда имкониятлар ишга солинмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар юртдошларимизнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини юксалтириб, дунёқарашини тубдан ўзгартириш, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратмоқда.

Шундан сўнг, фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда таклифлари тингланди. Қабул жараёнида фуқаролардан турли масалаларга оид мурожаат ҳамда таклифлар келиб тушди. Хусусан, фермер хўжалиги фаолиятни кенгайтириш учун чорвачилик комплекси ташкил қилиш мақсадида ер майдони ажратиб берилишида, 100 ўринли мактабгача таълим ташкилотнинг қурилишини якунига етказишда ҳамда замонавий ўқув ускуналари ва ўқитиш воситалари харид қилиш учун имтиёзли кредитлар олишда, тумандаги Қангли маданият марказини  қайта таъмирлаш, реконструкция қилишда, оқар сув таъминотини яхшилаш мақсадида Қипчоқ арна канали қуйи  16 км. қисмининг қазилишига, фермер хўжаликка трактор сотиб олиш учун 270 млн. сўм микдорида кредит ажратилишига, Амир Темур номли овул ҳудудидаги хонадонларнинг томорқа ерларини оқар сув ҳамда ичимлик суви билан  таъминлаш мақсадида 2 та ер ости  қудуғи  қуришда амалий ёрдам сўралган мурожаатлар қабул қилинди.

Шунингдек, фуқаролар томонидан уй-жой қуриш учун ерга муҳтож, эҳтиёжманд, камбағал оилаларга имтиёз билан, аукционсиз уй-жой қуриш учун ер бериш чораларини кўриш ҳақида, аҳоли пунктлари посёлкаларда жойлашган, қурилганига 15 йилдан кўп бўлган, солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган турар жойларга нисбатан тан олиш қарорлари ваколатини туман ҳокимликларига берилиши ҳақидаги таклифлар ҳам келиб тушди.

Қабул давомида тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами вакилларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида ногиронлиги бўлган, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди.

 

Шунингдек, мутасаддилар тумандаги табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлардан бўлган Ўртақалъа овули Aрна бўйи маҳалласидаги хонадонларга газ баллонларини топширдилар.

Сайёр қабул карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда, очиқ мулоқот тарзида ўтди. Фуқаролар ўз фикрларини очиқ-ойдин баён қилдилар. Қабул жараёнида фуқаролар томонидан қилинган мурожаатлар ҳамда таклифлар инобатга олиниб, ҳар бири тегишли мутасадди ташкилотлар билан келишилган ҳолда ижобий ҳал қилинди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, бугун ҳар бир фуқаро учун барча давлат органлари ва ташкилотларининг эшиклари очиқ. Давлат идоралари раҳбарлари фуқароларнинг мурожаатларини сокин иш хоналарида эмас, балки ижтимоий жараёнлар кечаётган паллада жойига бориб, ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқдалар.

 

Aйтиш керакки, сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида, тез ва самарали ҳал этиш имконини бераётгани, ҳудудларда йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этилишида давлат органлари ва ташкилотлари олдига вазифалар қўяётгани ва ушбу вазифаларни тўлақонли бажаришга ундаётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати