22.12.2024, Якшанба

Элликқалъада “Туризм қишлоғи” ташкил этилади, “Оилавий меҳмон уйлари” - сайёҳликнинг муҳим бўғини!

 Каронавирус пандемияси кўплаб соҳа ва тармоқлар, хусусан, туризмга жиддий таъсир кўрсатди. Карантин талаблари юмшатилиши эса ички туризмни ривожлантириш учун йўл очди.

    Таҳлилларнинг кўрсатишича, одатий ҳаёт тарзида туманимизда сайёҳликни ривожлантириш учун муҳим талаблардан бири хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қабул қилиб, уларга хизмат кўрсатиш учун меҳмонхоналар ҳамда меҳмон уйларининг етарли бўлишидир.

Ушбу талабдан келиб чиқиб, бугунги кунда туманимизда ўнлаб замонавий меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари ташкил қилинди.

Тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида жорий йилининг 7 сентябрь куни Элликқалъа туманининг Гулдурсин ҳамда Саҳтиён ОФЙларида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва маҳаллий ҳокимлик, туман давлат хизматлари маркази, туман солиқ инспекцияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ 10 нафарга яқин оилавий меҳмон уйлари эгаларини якка тартибдаги тадбиркорлик сифатида рўйхатдан ўтказиб, Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритди ҳамда уларга тегишли гувоҳномаларни топширди.



Энди ушбу маҳаллаларда яшовчи оилавий меҳмон уйлари эгалари ўз меҳмон уйларида ташриф буюрувчи сайёҳларни қонуний тартибда қабул қилишлари мумкин.

      Тадбирда  Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Авезов, Ўзбекистон республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Лола Зикириллаева,Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ходимлари ва тегишли маъсул соха вакиллари иштирок қилдилар.






Меҳмон уйларидаги Учрашувларда оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш, мазкур овул ва маҳаллаларга “Туризм маҳалласи”, “Туризм овули”, “Туризм қишлоғи” мақомини бериш орқали давлат дастурига киритиш юзасидан амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар тўғрисида тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди

Бундан кўзланган асосий мақсад – тумандаги “Гулдурсин” овул фуқаролар йиғини ҳудудида зарур туристик инфратузилмани барпо этиш, оилавий меҳмон уйлари фаолияти ва қўшимча туризм хизматларини йўлга қўйиш, маҳаллий аҳолини туризм соҳаси бўйича тадбиркорликка кенг жалб этиш, бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва реал даромадларини оширишдан иборат.

 Элликқалъа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати