22.12.2024, Якшанба

«Энг улуғ, энг азиз» танлови ғолиблари тақдирланди

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари тақдирланди. «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган ғояни ўзида мужассам этган бу йилги танлов жорий йилнинг 8 сентябрь куни Нукус шаҳридаги кўргазма саройида ўтказилди.

 

Ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, ижодкорларнинг самарали ижод қилиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Танловда шоир ва ёзувчилар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимларининг, шунингдек, мусаввирлар, халқ амалий санъати вакиллари, кино ижодкорларининг ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Мазкур танловнинг нуфузи йилдан йилга ошмоқда. Буни унга иштирок этувчи ижодкорлар кўпайганидан ҳам кўриш мумкин. Ташкилий қўмитага тақдим этилган устоз ва ёш ижодкорларнинг энг сара ижодий ишлари шаффофлик асосида кўриб чиқилиб, энг муносиблари танланди.

Иштирокчилар бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий ва фотоасарлар, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.



Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилари ижодий уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими, «Қарақалпақфильм» киностудияси давлат корхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган танловга муаллифлар ўз ижодий ишларини топшириб, барча номинациялар бўйича иштирокчиларнинг материаллари холис баҳоланди.

Нуфузли танловда қадрли ҳамкасбимиз, “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг масъул котиби Сағындық Жаниев журналистика номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, интернет журналистикаси бўйича эса Лобархон Базарбаева ғолиб деб топилди.


Мухтасар айтганда, ҳар бир номинация бўйича энг муносиб даъвогарлар ғолибликни қўлга киритди.

Юзлаб ҳақиқий истеъдодлар, муносиб даъвогарлар орасидан бундай ғолиблик шарафига эришиш осон эмас. Қорақалпоғистон Республикасининг энг муносиб ижодкорлар меҳнати қутлуғ байрам арафасида яна бир карра ўз рағбатини топди.

Кўрик-танловда барча йўналишлар бўйича тақдим этган ижодий ишларда мақсад ва ёндашувларда янгилик кўплиги эътироф этилди.

Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва қиммат баҳоли совғалар билан тақдирланди.

Буларнинг барчаси Президентимиз томонидан ёзувчи ва ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.

 

ҚР Ахборот ва оммавий

коммуникациялар бошқармаси