22.12.2024, Якшанба

Абу Райхон Беруний таваллудига бу йил 1047 йил тўлди

Абу Райхон Беруний таваллудининг 1047 йиллигига бағишланган тадбирлар Беруний ҳайкали ўрнатилган, шахар марказидаги ҳиёбонда давом этди. Беруний тумани ҳокими А.Сапарбаев, меҳмонлар, фахрий нуронийлар, сектор раҳбарлари, корхона-ташкилот вакиллари, депутатлар, ёшлар буюк аллома сиймосига таъзим бажо келтириб, гулчамбар қўйди. Тадбирда туман ҳокими А.Сапарбаев нутқ сўзлаб, илм-фан тарихида ўчмас из қолдирган бобокалонимизнинг минг йиллик меъросига тўхталиб, бугунги авлод Беруний издошлари бўлишини, бу юртдан албатта яна кўплаб буюк инсонлар чиқишини таъкидлаб ўтди. 



“Беруний авлодлари” жамоат фонди раиси Қ.Шониёзов сўзга чиқиб, истиқлол даврида Беруний ижодини ўрганиш, асарларини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширлгани шунингдек  бобонинг муҳташам хайкали, туманимиз кўркига, янада кўрк қўшиб турганлигини сўзлаб ўтди.  
Давлатимиз томонидан ёшларнинг илм олишга бўлган интилишларини ҳисобга олиб юритаётган оқилона сиёсати, тобора янгидан қад кўтараётган бунёдкорлик ишлари, халқ фикрини ўйлаб қилинаётган ҳар бир ҳаракатларнинг бош мақсади инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Зеро буюк аллома айтганидек “Улуғликнинг бош белгиси она юртни севишдир”.


Тадбир сўнгида бир эътибор билан Беруний ҳайкалига қарар экансиз, узоқни кўзлаган инсон нигоҳи кўз олдингизда пайдо бўлади. Демак Берунийлар тирик, алломалар бархаёт. Бу юртдан ҳали минглаб, миллионлаб дунё тамаддунини лол қолдирадиган Ибн Сино, Форобий, Фарғоний ва Беруний ал-Хоразмийлар камол топади.

Беруний тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.