22.12.2024, Якшанба

Хўжайли туман ҳокимлигидан расмий муносабат

2020 йил 8 август куни Телеграм мессенжерининг Mahalladosh_uz расмий каналида “Ҳоким маҳалла раисларини ишдан олди. Нега?” сарлавҳаси билан танқидий мақола чоп этилган.

Хўжайли туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати томонидан мақолада қайд этилган барча ҳолатлар атрофлича ўрганилди.



Фикиримизча, унда тилга олинган кўплаб жиҳатлар бирмунча шошмашошарлик билан ёзилиб, воқеа тафсилотлари холисона ўрганиб чиқилмаган. Шунингдек, ҳар бир жумла кимнингдир манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилаётгани, шунингдек, гўёки “ушбу мақолани ёзиб интернетда чоп этсам, ишга тикланишинг аниқ” деган олдиндан ваъда бериш каби буюртмачини ишонтиришга қаратилган маъно ва мазмунлар сезилмоқда. Негаки, мақолада ёритиб беришга ҳаракат қилинган барча “факт”лар фақатки ҳокимнинг, ҳокимликнинг обрўсига путур етказиш билан боғлаб берилгани ойдинлашмоқда.

Эътиборингиз учун шуни маълум қиламизки!

Биринчидан, Сиз мақолада зикр этганингиздек амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раисларини лавозимга тайинлаш ёки озод этишга доир ваколатлар туман ҳокимлари ваколатларига киритилмаган. Шундай экан, ҳоким қандай қилиб МФЙ, ОФЙ раисларини ишдан бўшатиши мумкин...?

Иккинчидан, 2020 йил 5 март куни раҳбарият топшириғига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қуллаб-қувватлаш вазирлиги, Назорат-тафтиш бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар таркибида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан Хўжайли туманидаги барча ўзини ўзи бошқариш органларидаги аҳолининг ижтимоий аҳволи ва атроф-муҳитни ободонлаштириш ишларини ўрганишлар олиб борилган.

Ишчи гуруҳнинг аниқлашича, туманнинг "Саришунгул", "Жана жап", "Қумжиққин" ОФЙ ҳамда "Тутзор", "Бунёдкор", "Обод" МФЙларида умумий ишлар етарли даражада ташкил этилмагани, тегишли тартибда юритилиши шарт кирим-чиқим китоблар тўлдирилмагани, кунлик қайд этилиши лозим бўлган ёзувлар ўз вақтида киритиб борилмагани, мурожаат қилган фуқаролар томонидан топширилган иш ҳужжатлари юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинмасдан ўз ҳолига ташлаб қуйилгани, шунингдек аҳолига етказиб берилиши зарур бўлган минглаб аҳамиятга эга ҳужжатлар умуман эътибордан четда қолганлиги аниқланган. Бундан ташқари, аҳолининг турмуш тарзига таъсир қилувчи ободонлаштириш ва кўкламзорлаштириш ишларини ташкил этиш у ёғда турсин, ҳаттоки ўз ишхонаси аҳволи, тозалик ва тартиб-интизом йўлга қуйилмагани кўзга ташланди.

Мазкур ҳолатлар аниқлангандан сўнг, ушбу фуқаролар йиғинлари раислари билан Маҳалла ва оилани қуллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг туман бўлими юзага келган камчиликлар ҳақида сўраб суриштирганида, уларнинг шахсан ўзлари томонидан юборилган камчиликлар тан олинган ва ўз раҳбарларига ўз ҳоҳишларига кўра ишдан бўшаш тўғрисидаги аризаларини топшириб кетилган. Кейинчалик қонуний 14 кунлик муддат ўтганидан сўнг эса, уларнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризалари Маҳалла Кенгаши томонидан қаноатлантирил. Ушбу ёзилган қаторлар албатта аниқ ва ҳақиқий ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.

Бизнингча, фуқаролар йиғинлари раисларидан ишдан бўшаш ҳақидаги аризалар ҳоким томонидан мажбурий тарзда олинганига оид важлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, МФЙ раислари олий маълумотли, халқни бошқарган вояга етган катта ёшдаги инсонлар ҳисобланади, шу сабабли бу жараён агар мажбурий ўтказилганида, бир ойни кутмасдан алла қачон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳокимга чора кўришни сўраб бу ҳақда хабар берган бўлар эди...

Эслатиб ўтиш жоизки, мақолада гўёки "Бунёдкор" МФЙ раиси Х.Жанназаров томонидан ишлаб берилганлиги иддоа қилинаётган электр трансформатори, йўл ва бошқа қурилиш-таъмирлаш ишлари МФЙ раиси эмас, балки туманнинг Электр таъминлаш ва Йўл таъмирлаш корхоналари, шунингдек Ободонлаштириш бошқармаси томонидан туманнинг йил бошида тасдиқланган қатьий ижтимоий-иқтисодий Дастурлари асосида олиб борилганлигини шу ҳудуд аҳолиси жўда яхши билади.  

Мақолада қайд этилган яна бир ҳолат, яъни Хўжайли тумани "Тутзор" ва "Бунёдкор" МФЙга сайлов ўтказмасдан, бошқа ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларни ноқонуний равишда раислар этиб тайинлагани ҳақидаги важлар ҳам, ҳақиқий ҳолатларни ўрганмасдан, “бировнинг камчилигини очиб бериш орқали ўч олиш” каби “шиор”га ухшаб шолинч ёзилганлиги кўриниб қолди.

Бунга жавоб сифатида шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин қоидалари жорий этилгани муносабати билан қонунда назарда тутилган тартибда фуқаролар йиғинлари раисларини сайлов ўтказишнинг ҳеч қандай имкониятлари мавжуд эмас. Ушбу объектив вазият эътиборга олинган ҳолда, Маҳалла ва оилани қуллаб-қувватлаш бўлими томонидан ҳозирги қийин даврда аҳолига яқиндан ёрдам беришни таъминлаш учун туманнинг "Тутзор" ва "Бунёдкор" МФЙ раисларига вақтинча вазифаларини бажарувчи шахслар тайинланган ва улар бугунги кунда ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келмоқда.  

Ҳурматли Mahalladosh_uz сайти журналисти Омирбай аға Есбергенов!!! Сизнинг қадрли қил қаламингизга мансуб “Ҳоким маҳалла раисларини ишдан олди. Нега?” сарлавҳали мақолага жавоб сифатида юқорида келтирилган аргументларни тўғри қабул қилишингизни сўрайман ҳамда келгусида у ёки бу мавзуда мақола ёзмасингиздан аввал, реал ҳолатни ўрганишни, қонунни мукаммал ўзлаштиришни ва илтимос қиламанки қарийб 123 минг сонли аҳолига кеча-кундуз фидойи хизмат қилаётган давлат ҳокимияти идоралари ходимларини ҳурмат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлиши Сизга муайян тавсиялар сифатида билдирилади.

 

Хўжайли тумани ҳокимлигининг

Ахборот хизмати