22.12.2024, Якшанба

Аскарлар қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди билан танишишди

Қорақалпоғистоннинг бой халқ оғзаки ижоди бир неча асрлар давомида ривожланган. Унинг асосини халқ оғзаки ижодининг барча жанрлари: эртаклар, мақоллар, маталлар, ривоятлар, шеърлар ва бошқалар ташкил этади.

Бугун, 19 август куни “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Бердақ миллий музейида “Қорақалпоқ халқ достонларида ватанпарварлик ғоялари” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам айнан қорақалпоқ халқ оғзаки ижодини ўрганишга бағишланди. Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисмларида ҳарбий хизматни ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.


Бердақ миллий музейи директори Шаригул Пайзуллаева тадбирнинг очилишида аскарларга қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди ҳақида гапириб бераркан, мазкур музейда достонлар ҳақида маълумотларга бой экспонатлар борлиги ва айни пайтда музей нафақат маданият маскани балки илмий-маърифий гўша сифатида адабиёт вакилларининг “уйи”га айланиб қолганини айтди.


Қорақалпоқ халқ оғзаки ижодининг энг ёрқин намоёндалари бу эпос ёки эпос шеърлар (достонлар) бўлиб, ушбу жанрдаги ижод намуналари беш мингдан ортиқ бўлиб, улар ўз ичига: қаҳрамонлик, лирик, ижтимоий-маиший, эртак-роман ва бошқа турдаги достонларни қамраб олган.


Достонлар бахши ва жировлар томонидан, мусиқий асбоблар – қўбиз ва дутор жўрлигида ижро этилади. Фольклор санъатида муҳим ўринни XI – XVIII асрлардаги намуналари: “Шаряр”, “Қоблан”, “Едиге”, “Ер Шора”, “Алпомиш”, “Қурбонбек”, “Ер Зиёр”, “Қирқ қиз” ва бошқалар ташкил этади. “Алпомиш” қаҳрамонлик достонида асосий ғоя бузилиб кетган қабилаларнинг бирлашиши, дўстлик ва ватанпарварликка йўғрилган. “Қирқ қиз” достони эса ўзининг ғоявий мазмуни ва бадиий пишиқлиги билан ажралиб туради. Бу достонда тасвирланишича, саркарда Гулойим қирқ қиз ва халқ билан биргаликда Эрон шоҳи Нодиршоҳга ҳамда қалмоқ хони Суртойга қарши жанг қилиб, мардлик ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатдилар. «Қирқ қиз» достони ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, нашр эттирилган. Айнан шундай достон бошқа халқларда учрамайди.


Мазмунли кечада Қорақалпоғистон халқ бахшиси Гулнара Алламбергенова халқ достонларидан парчалар куйлади.

2002 йилдан буён фаолият юритаётган Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бердақ миллий музейига экскурсия аскарларда катта таассурот қолдирди.  Экскурсия давомида аскарлар музей залларидан ўрин олган 5 мингдан ортиқ экспонатлар билан танишишди. Музейдаги қорақалпоқ маданиятига оид экспозицияларда араб, форс, турк тилларида ёзилган ёзма ёдгорликлар сақланадиган қўлёзмалар зали, миллий заргарлик буюмлари ва либослари, уй-рўзғор буюмлари ва археологик топилмалар аскарларда қорақалпоқ тарихи билан илк танишиш дебочаси бўлди.


 

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати