22.12.2024, Якшанба

БОШ МАҚСАД - АДОЛАТЛИ ҲУКМ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш ҳамда судьялар ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

2020 йил 24 июль куни “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди.


Мазкур Фармон билан, 2021 йил 1 январдан бошлаб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди.

Шу билан бирга:

-маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;

-маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Шу билан бирга жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош туманлари судларини ташкил этиш;

-Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш;

-шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

-жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;

-туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

-апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

-Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

-давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

-прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

-қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш белгиланди.

Шунингдек, ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида, таркибий тузилма (лавозим)лар киритилишига ҳам розилик берилди.

Мазкур Фармон суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ва одил судловни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

 

О.Мауленов,

Жиноят ишлари бўйича

Элликқалъа туман суди раиси.