Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Давлат арбоби Ерниязов Муса Тажетдинович хотирасига бағишланган маросим Беруний тумани ҳокимлигида бўлиб ўтди. Буюк инсон хотирасига гулчамбар қўйилиб, ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилиниб ўтганлар руҳига дуо қилинди.
Ерниязов Муса Тажетдинович 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари эди. То умрининг охиригача диёримизнинг янада гуллаб-яшнашида, фуқароларнинг тинч ва осуда хаёт кечиришида, катта бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Отанинг умри давомидаги ишлари бугунги ёшларимизга ўрнак бўлиб ватанпарвар, мард, юрт ўғлонларининг камол топишида ҳақиқий мактаб вазифасини ўтайди. Инсон хаётга бир маротаба келиб яшар экан, ўзидан яхши ном, ўчмас из қолдиришни ният қилади. Юрт отаси мана шундай яхшилик куйчиси, халқпарвар ҳақиқий қорақалпоқ фарзанди эди.
Бугун тумандаги оқсоқолнинг яқин дўстлари, корхона ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик ташриф буюриб, буюк давлат арбобини ёд этдилар. Яхшиларни эслаш, руҳини шод этиш, инсонийлик фазилатларининг биридир. Юрт отасининг хотираси қалбларда мангу сақланади.
Беруний туманида Ерниязов Муса Тажетдинович хотирасига бағишланган маросим эртага ҳам давом этади.
Беруний тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.