Шимоли-ғарбий ҳарбий округ, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар ва Миллий гвардия бошқармаси ҳамда санитар-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида навбатдаги ўқув машғулоти ўтказилди.
Машғулотда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев ва масъул идоралар вакиллари қатнашди.
Дезинфекцияловчи отрядлар бир кун давомида деҳқон бозорлари, савдо мажмуалари ҳамда 22-кичик туман, жами аҳоли сони 10 мингдан ошиқ бўлган Дербент, Темир йўл ва Берекет маҳаллаларида мавжуд бўлган 90 та қўп қаватли уйларнинг ташқи қисмида “кўринмас душман” билан кураш олиб борди. Бир кунда жами 130 минг квадрат метр майдонга 23,5 минг литр дезинфекция эритмаси сепилди.
Аҳоли саломатлигини сақлаш, уларга Коронавирус инфекциясидан огоҳ ва ҳушёр бўлишга даъват этувчи эшиттиришлар намойиш этилди. Бунинг учун ҳарбий техникаларга ўрнатилган овоз кучайтирувчи воситалардан кенг фойдаланилди.
Махсус тактик вазифани бажариш учун 10 дан зиёд махсус техникалар ҳамда бошқа қурилмалар жалб этилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати