22.12.2024, Якшанба

Сенатор: Гумонланувчини қийноққа солишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Ривожланган давлатларда гумонланувчи шахсни қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш борасида яхши натижалар қўлга киритилган. Охирги уч йилда бу йўналишда мамлакатимизда салмоқли ишлар қилинди. Аммо, афсус, ҳамон жойларда бундай шахсларни қийноққа солиш ҳолатлари учраб турибди.

Президентимиз одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда Андижон шаҳри ва Чироқчи тумани ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноятда гумон қилинувчи шахсларни қийноққа солиш ҳоллари рўй берганлигини қаттиқ танқид қилдики, бу ушбу соҳага алоқалар ҳар бир инсонни ўйлантириши лозим. Давлатимиз раҳбари ибораси билан айтганда: “...шундай фожеали ҳолатларнинг бўлиши ушбу тизимдаги раҳбарларни ўйғотиши ва аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак”.

Шундан келиб чиқиб, йиғилишда қийноққа солиш ва бошқа шавқатсиз муаммоларнинг содир этилишининг олдин олиш, унинг такрорланмаслиги учун мутасадди идоралар томонидан аниқ режа ва дастурларнинг ишлаб чиқилиши кераклиги уқтирилди.

Хақиқатдан ҳам бу масала кейинги пайтлари жиддийлашиб, жамиятда қизғин баҳсларга сабабчи бўлаётган ва одамлар норозилигин уйғотаётган эди.

Кайд этиш керак, шу нохуш воқеалар содир этилиши билан Сенатнинг тегишли қўмиталари томонидан танқидий фикрлар билдирилди ва мазкур воқеаларнинг асл сабаблари таҳлил қилинди. Шу масала юзасидан парламент сўрови ҳам тайёрланмоқда. Ички ишлар органлари, прокуратура, суд, инсон хуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ва экспертлар билан маслаҳатлашган ҳолда, алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаш чиқиляпти.

Мазкур дастурда нималарга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам барча учун қизиқарли. Унда, аввало, барча ҳуқуқни муҳофоза қилиш идораларида қийноққа солиш ва бошқа шавқатсиз, ғайриинсоний, одам қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазо турларини қўллаш қатъиян маън этилади. Шу йўл билан тизим ходимларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилган ҳолда муомала қилиш кўникмаси шакллантирилади.

Тезкор қидирув ва тергов ходимларининг жиноятларни очиш бўйича билимини ошириш, зарур адабиётлар билан таъминлаш, Криминалистика фанидаги айрим тоифадаги жиноятларни очишнинг усуллари ва хусусиятлари номдаги махсус курсларни такомиллаштириш ва чуқур ўргатиш ва халқаро тажрибадан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда катта иш  тажрибага эга устозлар билан мулоқотлар ташкил этиш.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни замонавий криминалистик лаборатория ва криминалистик техникалар билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилади. Ахборот коммуникация технологияларининг программалаштириш ва моделлаштириш имконияти ҳаётга татбиқ этилади. Афсуски, туманларда бундай асбоб-ускуналар етарли даражада эмас.

Прокуратура органлари томонидан жазони ижро этиш муассасалари ва тергов изоляторларида сақланаётган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз муомала қилиш ҳолатлари бўйича қилинган мурожаатлари чуқур ўрганилиб, айбдорларга қатъий чоралар қўлланилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбусман)нинг ушбу йўналишдаги фаолияти янада жадаллаштирилади.

Борди-ю адвокатура органлари ўз ҳимоясидаги шахсларга нисбатан шу каби ноқонуний ҳаракатлар қўлланганлиги аниқланса, прокуратура ва суд органлари томонидан айбдорларга чора кўрилишини таъминлашни талаб этиши мумкин бўлади.

Мазкур масалалар депутатларнинг ҳам назоратида бўлади. Маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида депутатлар томонидан ушбу масалалар кенг ўрганилиб ва таҳлил қилиб борилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари аҳолининг шароитини ўрганган ҳолда, бу масалаларда ўзининг фаоллигини кўрсатиши керак бўлади.

Шунингдек, ОАВ вакиллари ва блогерлар суд-тергов жараёнида қонун устуворлиги таъминланишини ҳамда одамларнинг норозилигини уйғотаётган муаммоларни ечишда очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилиши талаб қилинади.

Мазкур комплекс чора-тадбирлар тезкор қидирув ва тергов жараёнига татбиқ этилиши Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслигига оид нормаларга мослиги билан ҳам аҳамиятлидир. Зеро, шу норманинг таъминланиши бизни демократик қадриятлар сари яна бир қадам яқинлаштиради.

Ботир МАТМУРАТОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга

қарши курашиш қўмитаси раиси