Президентимизнинг 2019 йил 7
ноябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал
ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида
Тахтакўпир туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Қарор ижросини
таъминлаш бўйича жорий йилда умумий нархи 47 миллиард 854 миллион сўмлик
18 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган, – дейди туман «Чорва насл» бўлими бошлиғи Бердияр Қалибоев.
– Шундан 11 та лойиҳа қорамолчилик, 6
та лойиҳа қўй-эчкичилик ва 1 лойиҳа сутни қайта ишлашга йўналтирилган.
Шунинг ҳисобидан 120 та янги иш ўрни яратилади.
Мазкур лойиҳалар бўйича Ўзбекистон
Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси
ҳамда маҳаллий ҳокимликнинг амалий ёрдамида Германия, Эстония, Австрия
ва Белорус мамлакатларидан жами 3030 бош наслли, шундан 970 бош қорамол
ва 2060 бош қўй-эчки олиб келиш режалаштирилган. Бугунга қадар олтита
лойиҳага, жумладан, «Агрокомплекс Қорақалпоғистон» Ўзбекистон – АҚШ
қўшма корхонаси шаклидаги масъулияти чекланган жамиятига, «Тахтакўпир
яйловлари» кооперативига, «Сейт чорва», «Айдос қалъа», «Данияр чорва» ва
«Тахтакўпир насл чорва» фермер хўжаликларига тижорат банклари томонидан
кредит ажратилиб, лойиҳа доирасидаги ишлар бошлаб юборилди.
Тумандаги «Агрокомплекс
Қорақалпоғистон» Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси шаклидаги масъулияти
чекланган жамиятида бугунги кунда Қозоғистондан келтирилган 160 бош
наслли қорамол, 580 бош маҳаллий қўй-эчки боқилмоқда. Яқин кунларда
Германия давлатидан 150 бош наслли мол олиб келинади. Бу ерда келажакда
чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлайдиган цехлар барпо этиш
режалаштирилган.
Туманда ветеринария участкаларига
қўшимча янгидан 9 та сервис хизматини кўрсатувчи шохобча биносини қуриш
учун ер участкаси ажратилиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Овул ва
маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг чорва молларига ветеринария
хизматини кўрсатувчи техник осеменатор мутахассислари бириктирилди.
«Уруғчиликни ривожлантириш маркази»
давлат корхонаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига озуқа
экинлари уруғчилигини ривожлантириш учун туман ҳокимининг қарори билан
жами 288 гектар, шундан 218 гектари экин майдони, Бухоро чўл яйлов
озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказига 200 гектар
ер майдони ажратилди. Туманда 231 гектарга беда, 581 гектарга
маккажўхори, 1362 гектарга силос учун маккажўхори, 606 гектарга оқ
жўхори, 34 гектарга хашаки лавлаги экинлари экилди.
Туман ҳудудида янгидан қазиладиган 6
та қудуқнинг дислокацияси ишлаб чиқилди. Шундан «Қора ўй» овул фуқаролар
йиғинидан иккита, «Жанадарё» овул фуқаролар йиғинидан иккита,
«Маржанкўл» ва «Мулк» овул фуқаролар йиғинларидан биттадан қудуқ қазиш
ишлари бошлаб юборилди.
Мутахассислар томонидан чорвачилик
соҳасини жадал ривожлантириш, молларнинг маҳсулдорлигини ошириш, улардан
олинадиган маҳсулотларни кўпайтириш борасида аҳоли ўртасида кенг
кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА