Қорақалпоғистон Республикаси
Мўйноқ тумани «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудида ҳар бири 200
бош молга мўлжалланган иккита замонавий чорвачилик мажмуаси барпо
этилмоқда.
«Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» МЧЖга
қарашли чорвачилик мажмуасига яқин кунларда Европа давлатларидан 400 бош
зотдор мол олиб келинади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ветеринария
ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг амалий кўмаги билан
бунёд этилаётган мажмуаларга «Қозоқдарё» ОФЙ ҳудудидан 1660 гектар экин
майдони ажратилди. Бу ерга маккажўхори, кунгабоқар, беда каби озуқабоп
экинлар экилди. 40 йигит-қиз иш билан таъминланди.
– Замонавий чорвачилик мажмуалари
қаровсиз қолган чорва фермаси негизида қайта таъмирланиб, барпо
этилмоқда, – дейди маслаҳатчи агроном Ўроқбой Ешмуратов. – Аҳолини арзон
ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашга мўлжалланган
мажмуалар сентябрь ойигача ишга туширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, тумандаги «Ҳоким ота»
овул фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам замонавий чорвачилик мажмуаси
қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Бу ерга хориждан 100 бош зотдор мол
олиб келинади.
1 887
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА