Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2020 йил 29 майдаги «Ёшлар ойлиги»ни ўтказиш ва 30 июнь – «Ёшлар куни»ни кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан тасдиқланган режага мувофиқ 1385 та лойиҳа ва тадбирга 31 минг нафардан зиёд ёш жалб қилинди. Жумладан, халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бахтли болалик» лойиҳаси доирасида барча шаҳар ва туманларда жами 180 нафар уй шароитида таълим олувчи ва ногиронлиги бўлган бола ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари топширилди. «14 июнь – Донорлар куни» муносабати билан «Эзгулик албатта қайтади» шиори остида қон топшириш акцияси ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус тарғиботи доирасида иқтидорли ёшлар иштирокида «Ёш гитарачилар», «Қувноқ ёш», “Dance-shou”, «Ёш дастурчилар», «Ислоҳотлар болалар нигоҳида», «Болаларга беринг дунёни!», «Объектив» онлайн танловлари, #men_uddaladim челленжи ташкил этилди. Ёшларни китобхонликка кенг жалб қилишга қаратилган онлайн танлов ва учрашувларда 12 минг нафарга яқин ёш иштирок этди. «5 ташаббус уйда» лойиҳаси доирасида ижодкорлар, санъаткорлар ва спортчилар билан онлайн учрашувлар ташкил этилди.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида «Намунали ёш оила», “Made in”, «Ҳар бир оила – тадбиркор» лойиҳалари, #Uyda_qol_foyda_ol челленжи ташкил этилди ва 400 нафардан зиёд ёш қамраб олинди. Таниқли тадбиркорларнинг меҳнат фаолиятини ёшларга яқиндан таништириш мақсадида Zoom платформаси орқали «Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусида онлайн суҳбатлар, ёшларнинг АКТ соҳасидаги қизиқишларини оширишга қаратилган онлайн танлов ва семинарлар ташкил этилди. Ёшлар бандлигини таъминлашда «Мен ишга жойлашдим» лойиҳаси муҳим аҳамият касб этди. Мазкур лойиҳа доирасида ёшлар иттифоқи маҳаллий Кенгашлари ташаббуси билан 220 нафар ёш ишга жойлаштирилди.
«Ёшлар ойлиги» муносабати билан тасдиқланган режага мувофиқ қатор хайрия тадбирлари ҳам ўтказилди. Жумладан, 181 та оилага озиқ-овқат маҳсулоти, дори-дармон воситаси ва тиббий ниқоб тарқатилди. «Фахрийлар эъзозимизда» лойиҳаси доирасида 184 нафар ёлғиз яшовчи кекса ва меҳнат фахрийсининг ҳолидан хабар олинди.
«Ҳоким ва ёшлар», «Прокурор ва ёшлар», «Сектор раҳбарлари ва ёшлар», «Сенатор ва ёшлар», «Генерал ва ёшлар» онлайн учрашувлари фикр-мулоҳазаларга бой бўлди. Тадбирлар давомида ёшлар томонидан 317 та муаммо ва таклиф билдирилиб, шундан, 224 таси жойида ҳал этилди. Қолганлари тегишли тартибда вазирлик ва идораларга жўнатилди. «Камалак» болалар ташкилоти ҳамда иттифоқ сардорлари томонидан ўтказилган тадбир ва лойиҳаларда 16 минг нафардан ортиқ бола иштирок этди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида «Ёшлар ойлиги» доирасида ўтказилган онлайн танлови ва челленжларнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.
– Байрам муносабати билан илк маротаба ўтказилган “Made in” танловида ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди Чимбой туманидан ҳунарманд Азамат Турекеев. – Мамлакатимиз мустақилликка эришган йиллардан бошлаб миллий ҳунармандчилигимиз қайта тикланиб, бугунги кунда жадал ривожланмоқда. Чимбой азалдан ўзининг миллий ўтовлари билан машҳур.
Бугун ўзим ҳам уста даражасига етиб, 15 нафар шогирдга ўтов ясаш сирларини ўргатиб келяпман. Айни пайтда мамлакатимизнинг аксарият вилоятларидан буюртмалар келиб тушмоқда. Айниқса, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг қорақалпоқ миллий ўтовларига бўлган қизиқиши катта.
Тадбир якунида онлайн танлов ва челленжларнинг ғолибларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА