Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида 27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда тадбир ўтказилди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳа фахрийлари, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликлари студияларида ҳокимлик мутасаддилари ва журналистлар иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан Вазирлар Кенгашининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Журналистлар уюшмаси раиси, “Еркин Қарақалпақстан” ва “Вести Каракалпакстана” газеталарининг бош муҳаррири К.Реймов, Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи А.Бекмуратов, “Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири Н.Матяқубова, Тахтакўпир тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, “Тахтакөпир таңы” газетаси бош муҳаррири Г.Даўлетмуратова ва бошқалар Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимиз тараққиётнинг янги босқичларига кўтарилаётган бугунги кунда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ҳамда аҳамиятини халқимизга кенг тарғиб қилишда, одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштиришда, тинч ва фаровон турмушимиз, фарзандларимизнинг бахтли келажаги, юртимизнинг янада ривожланишини таъминлашда матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг аҳамиятини ошириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Чунки, бугунги жадал ўзгараётган даврда дунё давлатларида ва юртимизда рўй бераётган янгиликларни халқимизга оператив тарзда етказиш, давлат бошқарув органлари билан халқ орасида мустаҳкам алоқани ўрнатиш, юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар билан янгиланишлар тўғрисида халқимизни ўз вақтида хабардор қилиш, одамлар ҳаётида учраётган масала ва муаммоларни ўрганиш ва уларга ижобий ечим топишда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари алоҳида ўрин тутади.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳозирги вақтда 40 газета, 8 журнал, 1 хабар агентлиги, 5 телевидение ва 2 радио, бир қанча интернет сайтлари фаолият юритмоқда. Бу оммавий ахборот воситаларининг ҳар бири халқимизга сифатли ва аниқ маълумотларни тезкорлик билан етказишда тинимиз меҳнат қилмоқда.
Ўтган 2019 йил матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳаси учун муҳим йил бўлди. Муҳтарам Президентимиз томонидан мазкур соҳани ривожлантириш мақсадида қабул қилган фармон ва қарорлари соҳа ходимларига бўлган эътиборнинг кучайиб бораётганидан далолатдир.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 27 июнь куни қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бунинг яққол далилидир.
Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасидаги 17 ҳокимликда, 9 вазирликда, 16 қўмита ва бошқармаларда, 8 олий таълим муассасаларида ахборот хизмати раҳбари лавозими жорий қилиниб, бугунги кунда уюшқоқлик билан фаолият юритмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, бутун дунё давлатларини ташвишга солган коронавирус пандемияси халқимизни синовдан ўтказаётган бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг, ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган ҳуқуқий ҳужжатлар билан дастурларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақтида етказишда, одамларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, пандемия таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини тиклаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни тарғиб қилишда, халқимизни хушёрликка чақиришда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўрни салмоқли бўлмоқда.
Тадбирда «Тахтакөпир таңы» газетасининг ташкил этилганига 75 йил, «Хожели ҳақыйқаты» газетасига 70 йил тўлиши муносабати билан газеталар таҳририятларига, шунингдек, бир қатор матбуот, телевидение ва радио, интернет журналистикаси, ахборот хизмати, нашриёт ходимларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан Вазирлар Кенгаши номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шу билан бир қаторда, Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ҳам ахборот хизмати раҳбарларига эсдалик совғалари берилди.
Бу каби тадбирлар республикамиз шаҳар ва туманларида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати