22.12.2024, Якшанба

Сув тежовчи технологиялар бугунги кун талабидир

Амударё туманида сув тежовчи технологиялар  ўрнатилиб, ғўза майдонларини томчилатиб суғориш жорий қилинмоқда. Пудратчи ташкилот “Асл қишлоқ тараққиёти” МЧЖ билан тумандаги 5 та фермер хўжалиги сув тежовчи технологияларни ўрнатиш бўйича шартнома имзолашган эди.


Бугунги кунда “Султанов Сабур” ва “Эрманов Уразбай” фермер хўжаликлари даласига томчилатиб суғориш технологиясининг махсус анжомлари ўрнатилди. Амударё тумани ирригация бўлими бошлиғи Х.Қаландаровнинг маълумот беришича, тез кунларда шартнома тузган бошқа фермер хўжаликлари пахта далаларида ҳам томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатилади. Яқин келажакда ушбу технологиянинг Қорақалпоғистон Республикаси шароитида қанчалик муҳим аҳамият касб этишини амалий мисолда кўрсатиб, юқори натижага  эришилгани исботланади.


Албатта, бу каби янги технологияларни жорий қилиш катта маблағ талаб қилади. Бу борада фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида сув тежамкор технологияси ўрнатиладиган ҳар бир гектарга 20 миллион миқдорда кредит маблағлари ажратилиши белгиланган. Шунга мувофиқ амударёлик фермерларга   “Агробанк” томонидан 1 миллиард 500 миллиондан ортиқ кредит маблағлари ажратилган.

Шу ўринда тежамкор технологияларни жорий қилаётган фермерларни давлат томонидан моддий қўллаб-қувватланиши ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги ПҚ-4499-сон  қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ва банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш назарда тутилган.


 Массалан, 1 гектар экин майдон учун 20 миллион сўм банк кредити ажратилса, тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ миллий валютадаги кредитлар учун — 10 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар учун — 3 фоизлик пунктдан ошмаган қисми қоплаб берилади.


Ҳар бир гектар  - томчилатиб суғориш тизимлари учун — 8 млн сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун — 4 млн сўм, дискретли суғориш учун - 1 млн сўм субсидиялар ажратилиши белгиланган.

Сув тежамкор технологияларни жорий қилиш бугунги кун талабидир. Шу боис туманда сув тежовчи технологияларни жорий қилувчи фермерлар сони ортиб бормоқда.


Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби