Кеча, 19 июнь куни “Ёшлар ойлиги” доирасида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашди. Тадбирда Хоразм вилояти ёшлари ҳам видеоконференц алоқа орқали онлайн тарзда қатнашди.
Самимий суҳбат тарзида ўтган учрашув давомида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ёшларга панду-насиҳатларини берди.
“Давлатимиз раҳбарияти томонидан сиз, ёшлар учун катта имкониятлар яратилмоқда. Ҳар бир ёш йигит-қиз қизиқишидан келиб чиқиб, олдига аниқ мақсадни қўйиши керак. Қайси касб эгаси бўлманг, биринчи навбатда юртга садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилишга ҳаракат қилинг. Ота-онага, жамиятга, давлатга керакли инсон бўлишга интилинг. Кўпроқ китоб ўқинг, зеро китобдан яхши дўст йўқ.”, дея ёшларга самимий маслаҳат берди қўмондон.
Полковник Фарҳоджон Шерматов ўз нутқида охирги уч йилда Президентимиз раҳбарлигида миллий армиямизда амалга оширилган ўзгаришлар, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларига яратилган янги имтиёзлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Олиб борилган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун халқимиз ва армиямиз ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатилгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил ҳаётга тайёрлашда ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийларининг ўрни беқиёс бўлаётганини таъкидлади. Қисқа вақт ичида ҳарбий объект инфратузилмаларини янгилаш, армиямизни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан бутлашда улкан ишлар амалга оширилаётганини эътироф этди.
Тадбир давомида қўмондон қорақалпоғистонлик ва хоразмлик ёшларни қизиқтирган саволларига ҳаётий мисоллар билан жавоб қайтарди. Нима учун айнан Ватан ҳимоячиси касбини танлагани ҳақида сўзлади.
Фаол ёшлар қўмондонга қорақалпоқ ва ўзбек тилларида шеър ўқиб беришди, миллий чолғу асбобларини чалиб, мусиқа куйлашди. Бир сўз билан айтганда, тадбир давомида ёшлар, мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган, иқтидорли, юртнинг бугуни ва келажаги учун куюнчак авлод вояга етаётганини исботлашди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмаси вакиллари қатнашди.
Суҳбат давомида ёшлар келажакда албатта, юртга фидойи
ва жонкуяр инсон бўлиб камол топишга, Ватанга керакли бўлишга ваъда беришди.
Тадбир давомида энг фаол ёшлар ҳарбий округ қўшинлари қўмондони томонидан рағбатлантирилди.
“Қўмондон билан суҳбат давомида Нукус шаҳар Санъат ва маданият коллежининг торли ва зарбли асбоблар йўналишини тамомлаганимни, сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаганимни ҳамда келгусида ҳарбий оркестрда хизмат қилишга бўлган иштиёқимни айтдим” – дейди нукуслик Муҳаметдин Разатдинов. – Менинг қизиқишимни олқишлаган қўмондон ҳарбий хизматга чақириш учун менинг ҳужжатларимни тез кунда ўрганиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берганида жудаям қувондим.