22.12.2024, Якшанба

Бўзатов: танқидий мақола юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди

Яқинда бир қатор интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистондаги зардуштийлик даври билан боғлиқ қадимий тарих ва маданий эсдаликларнинг молларнинг оёқ остида қолаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалганди.



 Материалда Бўзатов тумани Қусхана тепалигида жойлашган оссуарийларнинг бугунги ачинарли ҳолати танқид остига олинган эди. Миллий қадриятларни, тарихий, маданий эсдаликларни асраб-авайлашни ўз вазифаларидан бири деб ҳисоблайдиган партиямиз вакиллари дарҳол ушбу танқид остига олинган масалани ўрганиш чораларини кўрдилар. Жумладан, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати Тажибай Романов, Халқ депутатлари Бўзатов туман кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари ва ҳокимлик мутахассислари билан Бўзатов тумани Қусхана тепалигидаги зардуштийлик маданиятига оид минг йилдан ортиқ тарихга эга оссуарийлар ва унга олиб борувчи йўллар, тепаликдаги  бошқа да тарихий номларга эга ўринлар ("Девнинг уяси", "Тош қирман", "Суйин ийшан" мадрасалари) ҳар томонлама ўрганилди.


Ушбу оссуарийлер тоғнинг тепа қисмида жойлашган ва авваллари қумнинг тагида бўлган. Йиллар давомида ёмғир ва қор шунингдек, шамол ва шу каби бошқа қатор табиий сабаблар туфайли қумлар очилиб, оссуарийлер қумнинг тепасига чиқиб қолган. Тоғнинг тепаси азалдан ушбу ҳудуд аҳолисининг яйлови ҳисобланар экан. Чунки оддий аҳоли қум тагида нима бор эканлигини аслида яхши тушунмайди. Ўрганиш давомида партиямиз вакиллари Қусхана тепалиги атрофидаги "Кўк сув" ОФЙ да яшовчи маҳаллий аҳолига мазкур тарихий ўринларнинг аҳамияти, келиб чиқиши, уларни келажак авлодга мерос этиб қолдириш мақсадида соф ҳолида сақлаш, келажакда туризм ҳудудига айлантириш кераклиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.


    Шунингдек, мазкур масала юзасидан туман ҳокимлигида ҳоким ўринбосарлари, партиямиздан сайланган депутатлар ва тегишли мутахассислар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда туман ҳудудидан топилган эски даврларга тегишли бўлган оссуарийларни асраб-авайлаш,  уларни сақлаб қолиш учун ушбу ҳудудни муҳофаза қилиш, бунинг учун туманда музей ташкил қилиш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди. Партиямиз вакиллари туман ҳокимлигига ушбу масалада амалий ёрдам бериш ҳамда тегишли соҳа мутахассилари билан иш олиб боришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

 

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати