Шу йилнинг 28 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, вазирликлар, идора ва корхоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов очди ва бошқариб борди.
Дастлаб, депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Сессия кун тартибига мувофиқ ташкилий масала, яъни “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Таклиф қилинган номзод бўйича депутатлар томонидан фикрлар билдирилди ҳамда депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайлов ўтказиш бўйича Ҳисоб-китоб комиссияси тузилди.
Сессияда яширин овоз бериш йўли билан 31-сонли «Орта қала» сайлов округидан депутат Давлетов Атабек Ильхамович Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари этиб сайланди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.И.Давлетов сўзга чиқиб, ўзига билдирилган ишончга жавоб тариқасида бор билим ва тажрибасини юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга сарфлашини таъкидлади.
Маълумот учун таъкидлаш жоиз, бу лавозимда деярли ўн йилга яқин вақт мобайнида А.Хамраев фаолият юритганди ва унинг ўтган йиллар давомида тўплаган ҳаётий ва касбий бой тажрибаси ҳисобга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганди.
Шундан сўнг “Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда Муҳтарам Президентимиз томонидан пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига ва иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида карантин талабларига риоя қилган ҳолда корхоналарни босқичма-босқич ишга қўшиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, тадбиркорларга имтиёз ва преференцияларни бериш орқали уларга қулай шароитларни яратиш сингари кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, сўнгги икки ой ичида Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва Қарорлар, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифалар ҳар бир раҳбардан фидоийликни тадаб қилмоқда. Лекин бугунги кунда айрим туманларда тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Шу билан бир қаторда, бюджет тушумларини бажаришда ҳам бир қатор шаҳар ва туманларимизда камчиликларга йўл қўйилаётир.
Сессияда бугунги коронавирус пандемияси шароитида хотиржамликка берилмаслик, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш раҳбар ва депутатларнинг энг асосий вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди ва тегишли соҳа раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бу масала бўйича ҳам депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари тўртинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати
М.Ҳабибуллаев олган суратлар