Туман мудофаа ишлари, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бўлимлари, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда кўнгиллилар отряди ҳамкорлигида Чимбой туманида дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Коронавирус касаллиги тарқалишига қарши олиб борилаётган кўламли тадбирлар мутахассислар томонидан одамлар серҳаракат ва гавжум жойлар, аҳоли яшаш ҳудудлари ҳамда бошқа жойларда ўтказилмоқда. Тадбирлар давомида ёнғинни ўчиришга мўлжалланган транспорт воситаларидан кенг фойдаланилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Коронавирус пандемиясига қарши кураш ва аҳоли саломатлигини ҳимоялаш мақсадида юртимиз бўйлаб бир қатор тизимли ишлар амалга оширилиши йўлга кўйилган. Дезинфекция тадбирлари доирасида Чимбой туманининг маркази ҳамда энг олис овул ва қишлоқлари тозаланиб, аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Махсус кийимлар билан ҳимояланган дезинфекцияловчи гуруҳлар аҳоли яшайдиган кўп қаватли уйлар атрофларини ҳам назардан четда қолдираётгани йўқ.
Бундан ташқари кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ва карантин туфайли эҳтиёжманд ватандошларимизга мутасаддилар томонидан моддий ёрдамлар берилиши давом этмоқда.
Туман ҳудудига киришда ташкил этилган блокпостлардан ўтаётган автотранспорт воситалари ҳамда савдо мажмуаларига кириш қисми олдида ташкил этилган гигиеник постларда ватандошларимизнинг саломатлигини сақлаш мақсадида дезинфекция ишлари олиб бориляпти.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати