Муносабат
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда
Президентимиз бутун дунёда пандемия ҳали давом этаётганига қарамастан, қатор
давлатлар карантин чекловларини аста-секин юмшата бошлаганини қайд этиб, мавжуд
шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги, юртимизда ҳам эпидемиологик вазият
жиловини маҳкам ушлаган ҳолда, карантин талабларини юмшатишни бошлаганимиз ва
буни босқичма-босқич давом эттириб боришимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда
юртимизда коронавирусга чалинган сони 2622 га етган бўлса, шундан 2076 нафар
фуқаро коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 79
фоизни ташкил қилмоқда. Шундан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича вирус
юқтирганлар 120 нафар бўлса, 110 таси тўлиқ тузалди ва айни пайтда 10 та бемор
даволанмоқда ва даволаниш кўрсатгичи 92 фоизга етди. Бундан кўриниб турганидек,
юртимизда эпидемиологик вазият анча яхшиланди ва яхшиланмоқда.
Шунингдек,
йиғилишда давлатимиз раҳбари пандемияга қарши курашиш ҳамда карантин шароитида
аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ва
галдаги вазифаларга ҳам тўхталиб, мутасаддиларга тегишли топшириқларни берди.
Дарҳақиқат,
деярли 2 ойдан буён мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли жамиятнинг
барча соҳаларида карантин чекловлари ўрнатилиб, муассаса ва ташкилотлар
масофавий ишлашга, баъзи корхоналар дезинфекция қоидаларига қатъий амал қилган
ҳолда ўз фаолиятларини давом эттирган бўлса, кўплаб корхона ва заводларнинг
фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлган эдик. Натижада давлат бюджетига
тушумлар ўтган давр мобайнида анча пасайди. Бугунги кунда Қорақалпоғистон
Республикаси бўйича эса жами 16 601 корхона мавжуд бўлиб, карантин даврида 2825
корхона фаолиятини тўхтатиб турди. Ҳозирда 857 корхона фаолияти қайта тикланди.
Демак Республикамизда иқтисодий кўрсаткичлар ва аҳолининг даромадлари яна ортиб
боради.
Маълумки
иқтисодиётнинг тикланишида транспорт соҳаси катта аҳамиятга эга. Шундан келиб
чиқиб, йиғилишда олис ҳудудларнинг пойтахтимиз билан транспорт алоқасини тиклаш
жуда долзарб масала эканлиги таъкидланди. Шу боис Тошкент шаҳридан Нукус,
Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро,
Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд
қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу барчамиз учун яхши янгилик
бўлиб, иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда
бутун дунё карантин чораларини босқичма-босқич енгиллатиб бормоқда. Бу табиий
жараён бўлиб, шу орқали иқтисодиёт ва аҳолининг даромадлари яна ўсишни
бошлайди. Албатта, ҳар қандай давлат учун иқтисодиёт жуда муҳим соҳа, лекин
одамларнинг соғлиғи ундан ҳам муҳим. Шунинг учун карантин чораларини бирданига
бекор қилиб бўлмайди ва бу жараён секин аста-аста, вазиятдан келиб чиқиб
юмшатилмоқда. Бир неча бор таъкидланимиздек, халқимиз бундан ҳам оғир
вазиятларни мардонавор енгиб ўтган ва бунисини ҳам албатта енгиб ўтамиз.
Тажибай Романов
ЎзМТДП ҚР Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари