21.12.2024, Шанба

“Мўйноқ-2019” авторалли бўйича очиқ спорт мусобақасининг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг табрик сўзи

Ассалому алайкум мусобақа иштирокчилари, 

ҳурматли ҳакамлар ҳайъати аъзолари, 

азиз меҳмонлар!


Ўзбекистон Республикасида кейинги йилларда 

ижтимоий-иқтисодий соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса мамлакатимизда туризм соҳасини, шу жумладан, этнотурзм, зиёрат туризми ва бошқалар билан бир қаторда спорт туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 

5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 

ПФ-5611-сонли Фармони билан тасдиқланган “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси”нинг 19-бандида маҳаллий ва хорижий авто ва мото спорт федерациялари иштирокида Устюрт яссилигидаги экстремал маршрути бўйлаб авторалли ташкил қилиш ва ўтказиш белгиланган эди. 

Ушбу Фармон асосида Устюрт яссилигидаги экстремал маршрут бўйлаб авторалли ўтказиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ташкилий қўмита тузилиб, тегишли ишлар амалга оширилди.

Мазкур спорт мусобақасини жорий йил 2-5 май кунлари Мўйноқ – Орол денгизи йўналиши (маршрут) бўйича ташкил этиш ҳам белгилаб олинди. 

“Мўйноқ-2019” авторалли бўйича очиқ спорт мусобақасида 

126 нафар спортчи 2 багги, 20 мотоцикл, 43 спорт автомашинасида иштирок этиш учун ариза топширган бўлса, улар орасида қўшни Қозоғистон Республикаси вакилларининг иштирок этаётганлиги барчамиз учун қувонарли, албатта.

Мусобақа иштирокчилари умумий ҳисобда 440 км масофани босиб ўтиши, Орол денгизи соҳилларида бўлиб, Мўйноқ тумани марказига қайтиб келиши кўзда тутилган. 

Мусобақа ғолиблари ва совриндорлари 2 тоифа бўйича аниқланиб, уларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари берилиши режалаштирилган.

Бундай спорт мусобақаларининг ўтказилиши Республикамизнинг нафақат туризм салоҳиятини оширишга ва мавжуд туристик инфратузилманинг ривожланишига, балки ёшларимизни ватанпарварлик ва мардлик руҳида тарбияланишига хизмат қилади.

Сўзимнинг якунида барчангизни яқинлашиб келаётган 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” умумхалқ байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклайман ҳамда бугунги спорт мусобақаларида омадлар тилайман.


Эътиборингиз учун рахмат!