Бугунги кунда бевосита Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур ислоҳотлар натижаси ўлароқ юз бераётган ижобий ўзгаришлар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётида ўз аксини топмоқда. Бу ўз навбатида жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилиб, мамлакатимизнинг дунё миқёсидаги обрўсининг мустаҳкамланиб боришига хизмат қилмоқда.
Бугун биз қандай ютуқ ва марраларни қўлга киритмайлик барчасининг замирида юртимизда ҳукм сурган тинчлик-осойишталик ва барқарор турмуш тарзининг қарор топганлиги туради. Чунки, ҳар қандай давлат ва жамият хаётида қонун устуворлигинининг таъминланиши муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қаторида ички ишлар органларига ҳам қатор вазифалар юклатилган бўлиб, соҳа вакиллари аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, жамиятининг бошқада ҳаётий муҳим вазифаларини амалга оширишда ўзининг алоҳида ўрнига эгадир.
Шуни ҳисобга олган ҳолда 2007 йилдан буён 25-октябрь санаси «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни» сифатида алоҳида белгиланиб келинмоқда.
Ўтган қисқа вақт мобайнида Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида тизим фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, унинг марказида ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш вазифаси туради.
Шу боисдан ички ишлар органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ишига ахборот-технологияларини жорий этиш, ходимларга қулай иш шароитини яратиш, ижтимоий ҳимоялаш, уй-жой ва зарур транспорт воситалари билан таъминлаш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Бунинг натижасида соҳа фаолиятида ижобий ўзгариш ва олға силжишлар кузатилиб, мамлакатда жиноятчилик сонининг камайиши туфайли жаҳон ҳамжамияти томонидан хавфсиз ҳудудлардан бири сифатида тан олинди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда ички ишлар органлари нафақат ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, балки, халқ билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш орқали аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини юксалтиришда ҳам ўз ҳиссаси билан иштирок этиб келмоқда. Хусусан, барча ҳудудлардаги 3-секторга ички ишлар органлари раҳбарлари масъул этиб тайинланган. Бу орқали жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш баробарида бандликни таъминлаш каби қатор масалалар ўз ечимини топмоқда.
Умумий тарзда айтганда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идорларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак» деган тамойил бугун ички ишлар органлари фаолиятида устувор вазифага айланган.
Сўзимиз якунида барча ички ишлар органлари ходимларини касб байрами куни билан табриклаб, ўзларига соғлиқ-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва Ватан тинчлиги йўлидаги машаққатли ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Қ.САРИЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси