Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
2017 йил 9 июнда Остона шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва таклифларни амалга ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларини муваффақиятли амалга оширишда халқ дипломатияси механизмларидан ҳар томонлама фойдаланиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита), Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Бадиий академия, Ёшлар иттифоқи, Журналистлар ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмасининг улар муассислигида нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишидаги муассаса шаклида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин, қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш;
ШҲТ мамлакатлари билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштиришда иштирок этиш;
ШҲТ мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш учун шарт-шароитлар яратиш;
ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ШҲТнинг мақсадлари, вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий принципларини кенг тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқлари тўғрисида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва уларни мунтазам чоп этиб бориш;
ШҲТ мамлакатлари ва уларнинг халқларини бир-бирига яқинлаштириш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик руҳини мустаҳкамлаш мақсадида халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланиш.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки, қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалар ва ижтимоий шериклик доирасида ажратиладиган грантлар;
техникавий кўмаклашиш воситалари, халқаро ва хорижий ҳукумат, ноҳукумат ташкилотлари, тижорат банклари ҳамда бошқа ташкилотларнинг Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлашга ажратадиган грантлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. Марказга:
ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий ахборотни талаб қилиш ва бепул олиш;
илмий, маданий, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун давлат мулки бўлмиш мажлислар зали ва концерт залларидан (ана шу заллар ўз тасарруфида бўлган субъектлар билан келишилган жадвал бўйича) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилсин.
4. Қўмита:
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Марказ фаолиятини моддий-техник ва ахборот жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, Марказ тадбирларида иштирок этиш учун хорижий экспертларни таклиф қилиш мақсадида техникавий кўмаклашиш воситаларини ва грантларни жалб этиш масалаларини ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва хорижий ташкилотлар билан пухта ишлаб чиқишда Марказга ёрдам кўрсатсин;
Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Миллий телерадиокомпания билан биргаликда ШҲТ мамалакатлари ўртасида маданий-гуманитар, спорт ҳамда бошқа алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда маданият, спорт, туризм ва ОАВ соҳасидаги тадбирларни ташкил қилишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Миллий телерадиокомпания Марказга ёрдам берсин.
5. Марказга икки ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.
6. Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий телерадиокомпания, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мажлислар зали ва бошқа мулкдан вақтинча фойдаланиш учун уларни бепул тақдим этиш орқали маданий, спорт тадбирлари ҳамда бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда Марказга ёрдам берсинлар.
7. Марказ Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 45-уйда ижара ҳақи “ноль ставка” бўйича жойлаштирилсин.
8. Молия вазирлиги:
2018 йилда Қўмитага Марказ жойлашадиган бино қисмини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрлари доирасида;
Марказга ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари учун белгиланган нормативларга мувофиқ зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ҳафта муддатда Марказнинг зарур замонавий компьютерлар, ташкилий техника, мебель ва анжомлар билан жиҳозланишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикааси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказнинг телефон алоқаси ва интернет тармоғига уланишини ўрнатилган тартибда таъминласин.
11. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан биргаликда Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фондига ҳамда чет эллардаги лицензияланган етакчи ахборот-кутубхона ресурсларининг фондларига доимий электрон боғланишини таъминласин.
12. “Ўзавтосаноат” АЖга “Ласетти” русумли 1 дона янги автотранспорт воситасини Марказга хайрия ионаси сифатида топшириш тавсия қилинсин.
13. Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда Марказ қонунчиликда ўрнатилган тартибда давлат рўйхатига олинишини таъминласин.
14. Ташқи ишлар вазирлиги Марказнинг буюртманомаларига биноан, Марказ томонидан ўтказиладиган тадбирларга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.
15. Ички ишлар вазирлиги Марказ буюртманомаларига биноан, Марказда ишлаш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларга визалар муддати узайтирилишини, шунингдек, улар вақтинча яшайдиган жойда вақтинчалик рўйхатга олиш ва унинг муддатини узайтиришни давлат божи ундирилмасдан белгиланган тартибда таъминласин.
16. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Марказ фаолиятининг мақсад ва вазифаларини аҳоли ўртасида, шу жумладан, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида, жумладан, интернет тармоғида кенг ёритилишини таъминласин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 26 июнь