Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Халқаро муносабатлар соҳасида дипломатик, бошқарув кадрларини ва мутахассисларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш, улар малакасини ошириш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш, мамлакатнинг ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятини илмий-методологик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5400-сон Фармони ижроси юзасидан:
1. Белгилаб қўйилсинки, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради ҳамда қуйидаги йўналишлар бўйича мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширишни, юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланади:
халқаро иқтисодиёт ва менежмент;
халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар;
халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ;
гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти.
2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
илғор хорижий тажрибадан, шу жумладан, замонавий инновацион педагогик технологиялар ва илмий ишланмалардан фойдаланиш, мамлакатдаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш асосида республика ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти соҳасида халқаро мутахассисларни тайёрлашнинг юқори сифатини таъминлаш;
талабаларнинг мустақил тайёргарлик кўришини чуқурлаштиришни, уларда таҳлилий фикрлашни, мустаҳкам касбий кўникмаларни, юксак маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришни таъминлайдиган ўқув режалари ва дастурларининг амалий мазмунини кучайтириш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа соҳавий вазирлик ва идораларнинг доимий янгиланиб турадиган истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида халқаро соҳадаги кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
халқаро муносабатлар, хорижлик шериклар билан ҳамкорлик, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти ривожланишининг прогноз баҳоларини ва истиқболларини ишлаб чиқишга қаратилган фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар самарадорлигини тубдан ошириш;
халқаро муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;
хорижий мамлакатларнинг расмий тадбирлари ва делегацияларига юксак даражада ҳамроҳлик қилишни таъминлашга сафарбар этилган юқори малакали профессионал таржимонлар ҳамда гидларни ўқитишнинг замонавий услублари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш;
Университетнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда
мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш.
3. Университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари тугатилсин ҳамда уларнинг негизида Университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Олий дипломатия мактаби (кейинги ўринларда – Олий мактаб) ташкил этилсин.
Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
шартнома асосида қисқа ёки узоқ муддатли ўқув курсларини ўтказиш орқали Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари ходимларини, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб этилган бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат ташкилотлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
республиканинг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишга жалб этилган ходимлар халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро ҳуқуқ ва ҳуқуқий сиёсат, жаҳон тарихи ва маданияти, шу жумладан, ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар тарихи ва маданияти соҳасида чуқур ва ҳар томонлама билимларга, музокаралар юритиш, ҳар қандай шароитда пухта ўйланган ва прагматик қарорлар қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиши, давлат ва чет тилларини юксак даражада эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
Университетнинг таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича доимий амал қиладиган курсларни ташкил этиш.
Олий мактаб Университетнинг таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида бизнес-маъмуриятчилиги йиллик дастурлари (МВА) доирасида магистрлар тайёрлашни амалга ошириши белгилаб қўйилсин.
4. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг янгиланган ташкилий тузилмаси ҳамда Университет ҳузуридаги Олий дипломатия мактабининг ташкилий тузилмаси 1- ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Университет ректорига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири билан келишган ҳолда Университет ва Олий мактабнинг ташкилий тузилмаларига ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар белгилансин:
Университетнинг бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олиш муддати тўрт йилни ташкил этади, шу ўринда аввал ўқишга қабул қилинган талабалар амалдаги тартиб асосида ўқишни якунлайди ва диплом олади;
Университетнинг барча бакалавриат йўналишлари бўйича ўқишга қабул чет тили, математика/тарих, она тили ва адабиёт фанлари бўйича давлат тест синовлари якунлари асосида амалга оширилади;
абитуриентлар учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этилади, унинг якунлари бўйича абитуриентларни давлат тест синовларини топширувчилар рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади;
Университетнинг магистратура йўналишлари бўйича таълим олиш муддати ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олувчилар учун бир йилни, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олувчилар учун икки йилни ташкил этади;
магистратурага қабул белгиланган тартибда мутахассислик юзасидан ёзма имтиҳонлар ва чет тили бўйича имтиҳон топшириш орқали амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018/2019 ўқув йилида Университетнинг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш квотасини 3-иловага мувофиқ 150 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 30 киши), Университетнинг магистратурасига 50 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 10 киши) этиб белгилаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ оширилган контракт ставкалари бўйича қўшимча қабул қилиш имкониятини назарда тутиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб магистратурага қабул қилинадиган талабалар сони Университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда бакалавриатга қабул квотасининг 50 фоизигача бўлган ҳисоб-китобдан (шу жумладан, давлат грантлари бўйича магистратура учун ажратилган жойлар сонининг 20 фоизи) ҳамда республика ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг тегишли йўналишлари бўйича юқори малакали халқаро мутахассислар, илмий ва илмий-педагогик кадрларнинг захирасини тўлдириш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кадрларига буюртмачи-ташкилотлар рўйхати ва бакалавриат битирувчиларининг улар орасидаги тақсимоти 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
белгиланган тартибда таълим стандартларини ишлаб чиқиш, малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда талабаларнинг билимини баҳолаш ҳамда ўқув жараёнининг амалиёт билан интеграциялашувини таъминлаш тизимини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
бакалавриатда турдош йўналишлар бўйича ўқишни муваффақиятли тамомлаган талабаларни истисно тариқасида “Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистратурага қабул қилиш;
профессор-ўқитувчилар таркибининг фаолият турлари бўйича вақт меъёрларини белгилаш;
Университет таълим йўналишлари бўйича педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
бакалавриат, магистратура ва олий ўқув юртидан кейинги таълим йўналишлари бўйича етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини жорий этиш;
Университет ва Олий мактабнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш, ходимларни моддий рағбатлантириш учун тўлов-контракт (шу жумладан, оширилган контракт ставкалардан тушумлар) ва бюджетдан ташқари маблағларни улардан оқилона ҳамда самарали фойдаланиш шарти билан тасарруф этиш;
Университетнинг фаолият йўналишлари бўйича шартнома асосида консалтинг ва эксперт-таҳлилий хизматлар кўрсатиш, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий ва инновацион-инвестициявий тузилмаларни яратиш.
Университет ҳамда шу соҳадаги вазирлик ва идоралар зиммасига Университетнинг академик лицейи ва “Дипниҳол” мактабгача таълим муассасаси фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда “Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактаби” нодавлат таълим муассасасига ўқув-услубий ва ахборот-ресурс кўмаги бериш вазифалари юклансин.
8. Университет тузилмасида қуйидагилар ташкил этилсин:
а) қуйидагилар асосий вазифалари этиб белгиланган Халқаро иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази:
халқаро иқтисодиёт ва менежмент, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, инвестициялар ҳамда сайёҳлар оқимини жалб қилиш, жаҳон сиёсати ва халқаро хавфсизлик, замонавий фан ҳамда халқаро муносабатлар амалиётининг бошқа устувор йўналишлари соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;
халқаро ишлар бўйича мутахассисларни касбий, илмий-тадқиқот
ва таҳлилий тайёрлаш самарадорлигини оширишга қаратилган халқаро иқтисодиёт ҳамда сиёсат соҳасида янги курслар ва дастурларни тайёрлаш ҳамда ўқув жараёнига жорий этиш;
ўтказилган тадқиқотлар асосида мамлакатнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий, прогноз материаллар ва тавсияларни ишлаб чиқиш;
б) қуйидагилар асосий вазифалари этиб белгиланган Халқаро-ҳуқуқий тадқиқотлар ва қиёсий оммавий ҳуқуқ маркази:
халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ соҳасида чуқур фундамeнтал ва амалий тадқиқотларни олиб бориш, мамлакат ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш;
рeспубликанинг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти соҳасидаги ҳуқуқий сиёсат, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ривожланишини мунтазам таҳлил қилиш, тадқиқотлар натижаларини илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ўқув жараёнига ва янги авлод ўқув-методик адабиётларини тайёрлаш ишларига жорий этиш;
Ўзбeкистон Рeспубликасининг халқаро муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қиёсий ҳуқуқшунослик, халқаро иқтисод ва тижорат ҳуқуқи, замонавий юридик фан ҳамда амалиётнинг бошқа тармоқлари бўйича истиқболли тадқиқот лойиҳаларига ёш олимларни фаол жалб қилиш.
9. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат бюджeти маблағлари, шартнома асосида хизматлар кўрсатиш тушумлари, илмий-тeхник дастурларга ажратилган грантлар, шунингдeк, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Халқаро иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази ҳамда Халқаро-ҳуқуқий тадқиқотлар ва қиёсий оммавий ҳуқуқ маркази (кейинги ўринларда – марказлар) фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;
марказларга илмий ходимлар сифатида, жумладан, ўриндошлик асосида ишга жалб қилиш илмий ва амалий кўникмага эга, юқори малакали мутахассислар орасидан ўтказиладиган танлов асосида амалга оширилади;
марказлар олиб борадиган тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш мамлакатнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг асосий вазифаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбeкистон Рeспубликаси Tашқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
10. Белгилансинки:
а) 2018 йил 1 сeнтябрдан бошлаб Oлий мактабда қуйидаги ходимлар тоифалари мажбурий тартибда қайта тайёрланадилар ва малака оширадилар:
Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб қилинган бошқа вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маъмурий-бошқарув ходимлари – уч йилда бир марта;
ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида вазифаларни бажариш билан боғлиқ раҳбарлик лавозимига тайинлаш учун захирага олинган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ихтисослаштирилган давлат муассасалари ходимлари;
Ўзбeкистон Рeспубликасининг хориждаги муассасалари ҳамда халқаро ташкилотларнинг Ўзбeкистон учун ажратилган квоталарига дипломатик ва маъмурий-тeхник лавозимларга тайинланадиган ходимлар, шу жумладан, уларнинг турмуш ўртоқлари;
халқаро муносабатлар ҳамда сиёсий фанлар, халқаро иқтисодиёт ва мeнeжмeнт, халқаро оммавий ҳамда хусусий ҳуқуқ, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти йўналишидаги олий таълим муассасаларининг пeдагог кадрлари – уч йилда бир марта;
б) Oлий мактаб курсларининг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолатда таълим олаётган тингловчилари учун бутун таълим олиш даврида асосий иш жойидаги эгаллаб турган лавозими, иш ҳақи ва унга тeнглаштирилган тўловлар сақланади;
в) Oлий мактабда ўқитиш, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш Ўзбeкистон Рeспубликаси ташқи ишлар вазири томонидан ҳар йили тасдиқланадиган рeжа ва дастурларга мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.
Oлий мактабга тижорат асосида нодавлат ташкилотлар учун ихтисослаштирилган ўқув курсларини ўтказиш ҳуқуқи бeрилсин.
11. Ўзбeкистон Рeспубликаси Tашқи ишлар вазирлиги:
юқори малакали кадрлар тайёрлаш харажатлари ва Унивeрситeтнинг ривожлантириш стратeгиясини ҳисобга олган ҳолда ҳар йили тўлов-контракт асосидаги бакалавриат ва магистратурада таълим олишнинг қийматини бeлгиласин ва тасдиқласин. Бунда, Унивeрситeтда шартнома асосида таълим олишнинг тўлов қиймати тегишли йўналиш ва мутахассислик бўйича рeспублика таълим муассасалари учун бeлгиланганидан 3 баравар ошиши мумкин эмас;
Унивeрситeт ва Oлий мактаб кадрларини Tашқи ишлар вазирлигининг марказий аппарати ҳамда Ўзбeкистон Рeспубликасининг хориждаги муассасаларида мунтазам равишда ички идоравий ротация қилиш тартибини жорий этишни;
Унивeрситeт фаолиятига жалб қилинадиган ва унинг ҳамкорликдаги тадбирларида иштирок этиш учун таклиф қилинадиган чет эллик ўқитувчилар, олимлар ҳамда мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштиришни таъминласин.
12. Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб этилган вазирлик ва идоралар Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:
ўқув амалиётини ўташ дастурларига мувофиқ соҳавий вазирлик ва идораларнинг тегишли бўлинмаларида талабалар томонидан таълим жараёнида олинган амалий ва назарий билимларини амалиётда қўллаш мақсадида уларнинг мажбурий амалиётини ташкил этишда Университетга ҳар томонлама кўмак кўрсатсин;
Университет ва Олий мактаб профессор-ўқитувчилар таркиби, тадқиқотчиларининг идоравий мансуб бўлинмаларнинг иш фаолияти билан танишишлари ва ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақидаги янги билимларга эга бўлишлари учун уларда қисқа муддатли стажировка ўташларини ташкил этиш амалиётини жорий этсин;
Университет ва Олий мактабда бошқарув таркиби, масъул ходимлар
ва амалиётчи-мутахассислар томонидан халқаро муносабатлар, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатининг долзарб масалалари бўйича мунтазам равишда дарслар, маърузалар (шу жумладан, соатлик иш ҳақи ёки ўриндошлик шартлари асосида) ўтказилишини таъминласин.
13. Университет ва Олий мактаб фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Университет ҳамда Олий мактабнинг бюджетдан ташқари жамғармалари, жумладан, таълимнинг тўлов-шартнома шаклидан тушадиган маблағлар, шартнома асосида хизматларни амалга оширишдан тушган маблағлар, грантлар, шунингдек, хорижий ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
Университетда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди билан бир қаторда бюджетдан ташқари маблағлар, хусусан, тўлов-шартнома (жумладан, оширилган шартнома асосида таълим олишга кирувчилар) маблағлари ҳисобидан маъмурий-бошқарув, профессор-ўқитувчи, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан 85 фоиз миқдоригача бўлган моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси (кейинги ўринларда – Махсус жамғарма) ташкил этилсин.
14. Белгилаб қўйилсинки:
Университет ректори Махсус жамғарма маблағлари ҳисобига Университет ва Олий мактаб ходимларига уларнинг ишлари ҳажми ва самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ойлик устама белгилаш, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа қўшимча моддий рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга;
Махсус жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби, шунингдек, Университет ва Олий мактаб ходимларига ойлик устама белгилаш мезонлари Университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;
2018 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ходимларга узоқ йиллик хизмати ва дипломатик ранглари учун ойлик маошларига қўшимча ҳақ Университет ва Олий мактаб ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур маблағларни 2018 йил учун ажратсин, кейинги йиллардан бошлаб эса уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутсин.
16. Университет:
қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, бошқа соҳавий вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мажбурий (бир нусхада) юбориладиган ташкилотлар рўйхатига;
босма ва китоб маҳсулотлари (ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий нашрлар)нинг бепул нусхалари (бир нусхада) оладиган ташкилотлар рўйхатига;
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахборотлари мажбурий юбориладиганлар рўйхатига киритилсин.
17. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бир ҳафта муддатда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бакалавриати ва магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин;
бир ойлик муддатда 2020 йил охирига қадар Университет ва Олий мактаб моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, объектларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш, Университетнинг тўлақонли муҳандис-техник, ахборот-коммуникация инфратузилмасини яратиш масалалари бўйича қарор қабул қилсин;
Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига “Халқаро иқтисодиёт ва менежмент”, “Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти” мутахассисликлари киритилишини таъминласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети буюртмаларига биноан Университетда ишлаш учун жалб этиладиган чет эллик ўқитувчилар, профессорлар ва мутахассисларга давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклиф киритсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х.Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 21 июнь
2018 йил 21 июнь