22.12.2024, Якшанба

Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и


Ўтган давр мобайнида пойтахтда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг яқин ҳамкорлиги асосида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш, ҳуқуқ-тартиботни ва фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, хизматни ўташни ташкил этиш амалиётини ўрганиш сутканинг кечки ва тунги вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мавжуд куч ва воситаларини тақсимлашнинг етарли даражада самарали эмаслигини кўрсатди ҳамда бу пойтахтда криминоген вазиятга тезкор таъсир кўрсатиш, уни назорат қилиш ва баҳо бериш имконини бермаяпти. Ушбу вақтда ҳуқуқбузарликлар умумий сонининг ярмидан кўпи, айниқса, оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилаётганлиги ҳам бундан далолат беради.

Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, сутканинг кечки ва тунги вақтида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида уларнинг яқин ҳамкорлигини ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Олий суди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг 2018 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимига қуйидагиларни назарда тутадиган “Хавфсиз пойтахт” концепциясини(кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) эксперимент тариқасида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

соат 16:00 дан 8:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизини, шунингдек, жамоатчилик вакилларини (кейинги ўринларда – жамоат тартибини таъминлаш кучлари) жалб қилиш орқали куну тун уч сменали патруль режимини ташкил этиш;

ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор ва тергов бўлинмалари, маъмурий судлар, адвокатура, шунингдек, суд-тиббий экспертиза хизматлари ходимлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат фаолиятини тўлиқ амалга ошириш, кейинчалик сутканинг кундузги вақтида ўн олти соат давомида уларни бевосита хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш;

ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи навбатда, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг патруль гуруҳлари ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга максимал тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш.

2. Белгилаб қўйилсинки:

патруллик қилиш учун бириктирилган ҳудудда жамоат тартибини бузиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги, уларнинг ўз вақтида олди олиниши ва уларга чек қўйилиши сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб бораётган жамоат тартибини таъминлаш кучлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонлари ҳисобланади;

сутканинг кечки ва тунги вақтидаги фаолият жамоат тартибини таъминлаш кучларининг ва жалб этилган давлат органлари бўлинмалари шахсий таркибининг яқин ҳамкорлигида ташкил этилади;

жамоат тартибини таъминлаш кучлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида автомобилларда патруллик қилиш аралаш тартибда, яъни ҳам автомобилларда, ҳам пиёда амалга оширилади;

сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб боришга жалб этилган жамоат тартибини таъминлаш кучлари ва давлат органлари шахсий таркибининг фаолияти даврий равишда сутканинг кундузги вақтидаги иш билан алмаштириб турилади.

3. Концепцияни амалга ошириш доирасида жамоат тартибини таъминлаш кучларини мувофиқлаштириш ва алоқа мобиль марказларининг (кейинги ўринларда – мобиль марказлар) фаолият юритиши амалиёти жорий этилсин ва улар ички ишлар бўлимлари хизмат кўрсатиш ҳудудларига бириктирилсин.

Қуйидагилар мобиль марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб бориш давомида жамоат тартибини таъминлаш кучлари ва жалб этилган давлат органлари бўлинмаларини назорат қилиш, бошқариш ҳамда уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этишда ички ишлар бўлимларига кўмаклашиш;

ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга жамоат тартибини таъминлаш кучларининг энг яқин патруль гуруҳи дарҳол етиб келишини таъминлаш орқали ҳуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушган ариза, хабар ва бошқа маълумотлар бўйича тезкор чора кўриш;

жамоат тартибини таъминлаш кучларини мувофиқлаштириш ва ҳаракатлантириш мақсадида, жумладан, ҳодиса содир бўлган жойга бевосита чиққан ҳолда мобиль штаб функцияларини бажариш;

оммавий тадбирларни ўтказишда ва одамлар гавжум жойларда тезкор ва криминоген вазиятни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда бевосита кузатиш ҳамда визуал баҳолашни амалга ошириш;

жамоат тартибини таъминлаш кучлари томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган ва қидирувдаги жиноятчилар қўлга олинган ҳолларда ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор ва тергов бўлинмалари жалб этилишини ташкил қилиш.

4. Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича узлуксиз куну тун хизмат режимини ташкил этиш схемаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари лавозимлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарлари лавозимларига ўзгартирилсин ҳамда улар зиммасига қуйидагилар юклансин:

жамоат тартибини сақлашнинг, айниқса, сутканинг кечки ва тунги вақтида натижадорлигини таъминлаш бўйича фаолиятни ташкил этиш учун шахсий жавобгарлик;

ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаларининг самарали ва ўзаро боғлиқ фаолият юритишини ташкил этиш бўйича вазифалар.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳларини (кейинги ўринларда – жамоатчилик гуруҳлари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин ҳамда ушбу гуруҳлар таркиби:

муддатли ҳарбий хизматни ўташ ниятида мудофаа ишлари бўйича туман бўлимига мурожаат қилган ҳарбий хизматга чақирилувчилар;

республика олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек, ички ишлар органларининг таълим муассасаларига кириш истагини билдирган номзодлар;

ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар орасидан шакллантирилиши назарда тутилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

жамоатчилик гуруҳлари таркибига кириш мудофаа ишлари бўйича туман бўлимлари ёки ички ишлар органлари томонидан бериладиган йўлланмалар асосида амалга оширилади;

жамоатчилик гуруҳлари улар фаолият олиб борадиган маҳалла ҳудудида яшовчи ёшлардан шакллантирилади;

жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича жавобгарлик туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ва профилактика инспекторлари зиммасига юкланади;

жамоатчилик гуруҳларининг ҳар бир аъзоси сутканинг кечки ва тунги вақтида белгиланган йўналиш бўйича умумий 100 соатдан кам бўлмаган вақт миқдорида патруллик қилишга жалб этилади ва бу хизматга (ўқишга) ҳужжатларни якуний қабул қилишга асос ҳисобланади;

ўзининг маҳалласида ҳуқуқ тартиботни таъминлашда фаол қатнашган жамоатчилик гуруҳи аъзоларига профилактика инспекторлари томонидан фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда хизматга (ўқишга) танлов ўтказишда инобатга олинадиган тавсияномалар берилиши мумкин.

10. 2018 йил 1 августдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳар ойлик иш якуни бўйича патруллик ҳудудида оғир ва ўта ўғир жиноятларга бевосита чек қўйганлиги, уларни аниқлаганлиги ёки фош этганлиги, шунингдек, тергов ва суддан яширинган шахсларни ушлаганлиги учун лавозим маошининг 50 фоизигача бўлган миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартиби ўрнатилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий суди бир ой муддатда Тошкент шаҳар туманлари маъмурий судларининг штат бирликларини қайта тақсимлаш ва кўпайтириш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда:

Тошкент шаҳрида туманлараро суд-тиббий экспертиза пунктларини энг муқобил жойлаштириш заруратини инобатга олган ҳолда уларни очиш ва фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини, жумладан, олиб юриладиган техник воситалар орқали аниқлашнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига сутканинг кечки ва тунги вақтида процессуал ҳаракатларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда Концепция талабларини инобатга олган ҳолда икки ҳафта муддатда:

жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида биргаликда патруллик хизматини ўташ тартибини, жумладан, автомобилларда ва пиёда патруллик қилишнинг аралаш услублари механизмини назарда тутган ҳолда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

амалдаги патруль йўналишларининг жойлашувини ўзгарувчан оператив ва криминоген вазиятга мувофиқ тарзда жамоат тартибини сақлаш кучларини тезкор ҳаракатлантириш механизмини жорий этган ҳолда қайта кўриб чиқсин;

сутканинг оралиқ вақтига мувофиқ жамоат тартибини таъминлаш кучлари шахсий таркибининг қайта тақсимланишини таъминласин;

сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб борилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш бўйича ўз хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чораларини кўрсин.

19. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Концепцияга мувофиқ сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб бораётган ҳамда фаолият юритаётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг овқатланишини ташкил этиш ва бунинг учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

а) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда муқаддам судланган шахслар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш:

шахсни муқаддам судланган деб топишда қонун ҳужжатлари нормаларига қатъий риоя этиш;

ўқишга, ишга киришда ёки бошқа ҳолларда судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлиги олиб ташланган шахсларнинг судланганлиги ҳақидаги маълумотларни ёзиб қўйиш амалиётига барҳам бериш;

муқаддам судланган шахслар томонидан жиноят содир этганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш;

б) сутканинг кечки ва тунги вақтида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш тартибини соддалаштириш юзасидан таклифлар киритсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бир ой муддатда “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳларининг фаолият юритишини ташкил этиш тартиби, фаолиятни баҳолаш механизми ва мезонларини белгилайдиган “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

22. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Хавфсиз шаҳар” аппарат-дастурий комплексини амалга ошириш жараёнида Тошкент шаҳрининг барча ички ишлар бўлимларини шахснинг юзини ва транспорт воситаларининг давлат рақами белгисини интеллектуал таниб олиш тизими билан жиҳозлашни назарда тутсин.

23. Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссияси (Н.Йўлдошев) Тошкент шаҳрида Концепция самарали амалга оширилишининг тизимли мониторингини таъминласин ҳамда 2018 йил якуни бўйича бундай амалиётни республиканинг бошқа ҳудудларида жорий этиш юзасидан таклифлар киритсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ички ишлар органлари патруль-пост ва йўл-патруль хизматларининг жамоат тартибини сақлашда намуна кўрсатган ходимларига маҳаллий ишлаб чиқарилган арзон енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредит бериш бўйича таклиф киритсин;

бир ой муддатда мобиль марказлар ишини ташкил этиш тартибини тасдиқласин, бунда улар томонидан жамоат тартибини таъминлаш кучларининг ўзаро мувофиқлашган ҳамкорлигини ташкил этишнинг уйғун механизмлари ва уларнинг ҳуқуқбузарликларга тезкор муносабат билдириш назарда тутилсин;

бир ой муддатда ушбу қарор талабларини инобатга олиб, пул мукофоти тизимининг аниқ мезонларини назарда тутган ҳолда жамоат тартибини таъминлаш кучларининг фаолиятини баҳолаш тартибини белгилайдиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин;

икки ой муддатда республика ички ишлар органларининг амалдаги штат бирликларини танқидий қайта кўриб чиқсин ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар органлари патруль-пост ва йўл-патруль хизматларининг тузилмасини такомиллаштириш ва штат бирликларини уларнинг реал иш ҳажмини ҳисобга олган ҳолда кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни кўрсин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ички ишлар органлари патруль-пост хизматлари бўлинмаларини индивидуал ҳимоя ва фаол мудофаанинг замонавий махсус воситалари билан жиҳозлаш дастурини киритсин;

уч ой муддатда комплекс таҳлил асосида Тошкент шаҳар ички ишлар органлари патруль-пост ва йўл-патруль хизматларининг автомобиль паркини босқичма-босқич қайта жиҳозлаш ва мустаҳкамлаш бўйича таклиф киритсин.

25. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади.

26. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2018 йил 19 июнь