22.12.2024, Якшанба

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ўтган давр мобайнида туғилиш, ўлим, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралиш каби муҳим воқеа ва фактларни қайд этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (кейинги ўринларда ФҲДЁ деб юритилади) органлари тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ва тизимли иш олиб борилди. 

Шу билан бирга, мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолати аҳолига ҳар томонлама ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича самарали механизмлар яратилишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар борлигидан далолат бермоқда. Хусусан: 

биринчидан, ФҲДЁ органларининг мақомини, вазифа ва ваколатларини белгилаб берадиган махсус қонун мавжуд эмас, шунингдек, мазкур соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ва функциялари аниқ чегараланмаган; 

иккинчидан, ФҲДЁ органлари фаолиятига замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг паст даражадалиги, қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолган андозалари асоссиз молиявий харажатларга, фуқароларнинг кўп вақт кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишига, оқибатда, айрим ҳолларда коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келмоқда; 

учинчидан, ФҲДЁ органлари ва ички ишлар, соғлиқни сақлаш, васийлик ва ҳомийлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги идоралараро электрон ҳамкорликнинг етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги туғилиш ва ўлимни сўзсиз ва ўз вақтида қайд қилиш, шунингдек, тегишли қайд этилмасдан никоҳ тузилиши ва ажралишларнинг олдини олиш бўйича самарали мониторингни таъминламаяпти; 

тўртинчидан, давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва тезкорлиги, ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан ўз функционал вазифаларини лозим даражада бажарилиши устидан назорат қилишнинг самарали механизми, айниқса, масофадан назорат қилиш шакллантирилмаган, улар фаолиятини баҳолашнинг шаффоф тизими мавжуд эмас; 

бешинчидан, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўйича давлат хизматларини жойларга чиқиб кўрсатишнинг кенг ва тизимли амалиёти йўқлиги, олис ва бориш қийин бўлган туманлардан ФҲДЁ органларига бориш учун транспорт харажатларининг юқорилиги, аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданияти даражасининг етарли эмаслиги туғилган болаларни туғилиш ҳолатининг тегишли қайд этилмасдан қолиши хавфини юзага келтирмоқда, бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида белгилаб қўйилган болаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини амалга оширишга, жумладан, бепул тиббий ёрдам ва таълим олишига таъсир ўтказиши мумкин. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ФҲДЁ органларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатини яхшилаш мақсадида: 

1. Қуйидагилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш институтини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин: 

биринчи – ваколатли органларда туғилиш, ўлим, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш каби воқеа ҳамда фактларни кенг қамровли қайд этиш йўли билан фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш; 

иккинчи – энг муҳим юридик фактларни қайд этмасдан қолдириш оқибатларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ва жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш; 

учинчи – ФҲДЁ органларининг оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оила ажралишларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларда фаол иштирок этиш; 

тўртинчи – ФҲДЁ органлари фаолиятида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини енгиллаштиришга, жумладан, ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига бормасдан хизматлар кўрсатилишига, хизматларнинг сифати ва тезкорлигини оширишга, экстерриториаллик принципи асосида архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архивини шакллантиришга қаратилган инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш; 

бешинчи – фуқаролик ҳолати юридик фактларини аниқлаш ва уларни ўз вақтида қайд этиш борасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишни амалга оширувчи органлар маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, васийлик ва ҳомийлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиш; 

олтинчи – мазкур соҳада бюрократия ва коррупция юзага келишининг олдини олишга қаратилган идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали, жумладан, олис жойлардаги аҳоли пунктларига чиққан ҳолда (“мобиль давлат хизматлари”) давлат хизматлари кўрсатишнинг мақбул ва қулай услубларини ишлатиш; 

еттинчи – ФҲДЁ органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида қулайликни ва шаффофликни таъминлаш, ходимлар томонидан касб этикаси қоидалари ва функционал вазифаларга амал қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини сифатли ва тезкор қайд этиш, давлат божи ва бошқа тўловларнинг тўғри ҳисобланиши ва ундирилиши устидан назоратнинг янги шаклларини, жумладан, масофавий назоратни жорий этиш; 

саккизинчи – аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини оширишни назарда тутган ҳолда давлат божи ставкаларини, герб йиғимларини ва ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизмат тарифларини оптималлаштириш. 

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5415-сон Фармонига асосан 2018 йил 1 июлдан бошлаб ФҲДЁ органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

3. Мажбуриятларни мувофиқ тақсимлаш ва жавобгарлик соҳаларига асосан: 

туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари (кейинги ўринларда – ФҲДЁ бўлимлари) фаолияти, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш устидан умумий раҳбарликни амалга оширади; 

туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг ўринбосарлари – туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари раислари оилани мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, туғилиш ва никоҳни ўз вақтида қайд этиш, тарғибот ва маърифат бўйича чора-тадбирларни кўришга шахсан масъул ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг директори ФҲДЁ бўлимларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини самарали мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини техник таъминлаш ва юритиш, шунингдек, ФҲДЁ архивларига раҳбарлик қилишга масъул ҳисобланади; 

туманлар (шаҳарлар) ФҲДЁ бўлимлари мудирлари қайд қилинаётган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг қонунийлиги учун шахсан масъул ҳисобланади. 

4. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

5. 2018 йилнинг 1 июлидан: 

никоҳ шартномасини ва алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаганлик; 

судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўрганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилинсин. 

6. ФҲДЁ органларини, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларини ва фуқаролар йиғинларини қатъий ҳисобда турувчи гербли гувоҳномалар бланкалари билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъминлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинсин. 

7. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб: 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг махсус ғазначилик ҳисобварағига герб йиғимидан тушадиган маблағларнинг 40 фоизи, шунингдек, ФҲДЁ бўлимлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ташкил қилинадиган ғазначилик шахсий ҳисобварақларига йўналтирилади ва фақат ФҲДЁ бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлари, ходимларининг узоқ муддат хизмат қилгани учун иш ҳақига устама ҳақ тўлаш ва мартаба даражалари учун қўшимчаларига, шунингдек, уларни моддий рағбатлантиришга (лавозим маошининг ва мукофотларнинг 100 фоизи миқдоригача шахсий устамалар) ишлатилади; 

махсус ташкил қилинадиган ғазначилик шахсий ҳисобварақларига йўналтирилган маблағлардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. 

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда: 

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ФҲДЁ органлари билан туғилиш 
ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, шунингдек, туғилиш ва ўлим ҳақида ягона ноёб кодли унификацияланган электрон маълумотнома беришнинг ягона тартибини жорий қилсин; 

2019 йил 1 январга қадар фертиль ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар ҳисобини олиб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уни “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими билан интеграция қилишни таъминласин. 

9. Махфий. 

10. Белгилансинки: 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2018 йил 1 июлга қадар ФҲДЁ бўлимлари томонидан фойдаланилаётган бино ва иншоотлар қисмини ҳамда уларга тегишли жиҳозлар, инвентарлар, ҳужжатлар ва бошқа мулкларнинг белгиланган тартибда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига берилишини таъминлайди; 

ФҲДЁ органлари томонидан фойдаланилаётган бино ва иншоотларнинг бир қисми ўз мақсадларида фойдаланиш учун адлия органларида сақланиб қолинади; 

туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятларига берилган ФҲДЁ бўлимларининг бино ва иншоотларидан кейинчалик бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳамда уларни бегоналаштиришга фақат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган ҳолда рухсат берилади. 

11. Қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш ва кейинчалик уларни ФҲДЁ органларида қайд этилишини таъминлаш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин. 

Ҳудудий комиссиялар: 

2019 йилнинг 1 июлига қадар қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш нуқтаи назаридан тўлиқ хатловдан ўтказсин, унинг натижасида туғилганлик, ўлим ҳолатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ манзилли қайд этилишини таъминласин; 

ўз фаолиятида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд бўлмаган болаларни аниқлашга алоҳида эътибор қилсин, бунда “Биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас” ва “Туғилганликни қайд этилиши – бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигини олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир” деган эзгу ғояларга амал қилсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги: 

кейинчалик “Ягона электрон ФҲДЁ архиви” ахборот тизими билан интеграция қилиш учун ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказилишини, ягона электрон ФҲДЁ архив фонди шакллантиришни 2022 йил 1 январга қадар тугатсин; 

далолатномалар ёзувлари маълумотларини “Ягона электрон ФҲДЁ архиви” ахборот тизимига киритиш бўйича ишларни бажариш учун юридик шахслар билан пудрат шартномаларини тузсин; 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2018 йилнинг 1 сентябридан давлат божи, герб йиғимлари ва бошқа тўловларни тўлашда электрон тўловлар (биллинг) механизмни тўлақонли жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин; 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 
2019 йилнинг 1 январидан бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қайд этилишида чақалоқларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами берилишини амалиётга жорий этсин. 

13. 2021 йилнинг 1 июлига қадар муддатда фуқаролик ҳолати далолатномаларини рақамли кўринишга ўтказиш, идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган сканер қилиш қурилмалари, сервер ва бошқа жиҳозлар ҳамда эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қуйидагиларни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилсин: 

ФҲДЁ органлари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги низомлар; 

ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва тариф коэффициентлари; 

ФҲДЁ бўлимларининг мартаба даражаларига эга бўлган ходимларига узоқ муддат хизмат қилганлиги учун бериладиган ҳар ойлик устама ҳақ миқдорлари; 

мартаба даражалари учун судлар ва адлия органлари ходимларининг лавозим маошларига қўшиладиган қўшимча ҳақ миқдорлари. 

15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К.Давлетов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 
2018 йил 12 июнь