22.12.2024, Якшанба

30.05.2018. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг тезкор ривожланиши ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

2016 йилда қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сервис хизмати кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга механизация хизматлари кўрсатишнинг ягона ўзаро боғланган тизимининг яратилиши қишлоқ хўжалиги корхоналари, “Ўзагросервис” АЖ ташкилотларининг сервис корхоналари ва машина-трактор паркларини қайта жиҳозлашни таъминлаш имконини берди. 

Шу билан бирга, мазкур соҳада ўтказилган таҳлиллар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш тизимида қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Улар қаторида: 

биринчи, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзагросервис” АЖ ва улар таркибидаги корхоналарнинг, хусусан, машина-трактор паркларининг якуний молиявий кўрсаткичлари ва фаолиятининг самарасиз ташкил этилганлиги мазкур ташкилотлар фаолияти ва бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилишини талаб этмоқда; 

иккинчи, тадбиркорлик субъектларининг машина-трактор парклари фаолиятига жалб этилмаганлиги уларни ривожлантириш ва модернизация қилиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда; 

учинчи, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан механизация ва сервис хизматларини кўрсатишлари борасидаги чекловлар мазкур хизматлар бозорининг тезкор ривожланишига ва қишлоқ хўжалиги ерларининг зарур техника билан кенг қамраб олинишига тўсқинлик қилмоқда; 

тўртинчи, механизация ва сервис хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари манфаатдорлигининг паст даражадалиги уларнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда; 

бешинчи, айрим мансабдор шахсларнинг механизация ва сервис хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашишлари хусусий мулк дахлсизлигининг кафолатлари бузилишига ва мазкур фаолиятни амалга оширишнинг жозибадорлиги пасайишига олиб келмоқда; 

олтинчи, агротехник ишларни ташкил этишда алоҳида ёндашувнинг мавжуд эмаслиги, жумладан, ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқилмаслиги, шунингдек, ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда механизация хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат молиявий кўмагининг мавжуд эмаслиги машина-трактор паркларида сезиларли даражада қарздорликлар пайдо бўлишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда; 

еттинчи, қишлоқ хўжалик техникаси ва унинг эҳтиёт қисмларига бўлган нархларни оптималлаштириш, шунингдек, ўзаро манфаатдорлик шартлари асосида мамлакатга янги илғор ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш борасидаги ишларнинг лозим даражада амалга оширилмаганлиги механизация ва сервис хизматлари бозорининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг норозилигини келтириб чиқармоқда ва машина-трактор парклари фаолиятининг самарадорлигини пасайтирмоқда. 

Қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга кўрсатилаётган механизация ва сервис хизматлари кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини, енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбарига (Н.С.Отажонов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги ПҚ–2658-сон “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 7-бандининг “Автосаноат Агротехсервис” МЧЖ ва “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор парклари тизимини оптималлаштириш қисми бажарилмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилсин. 

“Ўзагросервис” АЖ “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Агробанк” АТБ билан биргаликда икки ой муддатда “Автосаноат Агротехсервис” МЧЖ ва “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор парклари тизимини оптималлаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин ва оптималлаштиришнинг барча жараёнларини 2018 йилнинг 1 октябрига қадар якунласин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖнинг: 

2018 йил 1 июлдан “Ўзагросервис” АЖни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ташкилий тузилмасидан чиқариш; 

“Ўзагросервис” АЖ устав жамғармасидаги “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖга тегишли бўлган улушни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ устав жамғармасини ўтказилаётган улушнинг баланс қийматига камайтирган ҳолда давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва “Ўзагросервис” АЖ билан ҳамкорликда икки ой муддатда “Ўзагросервис” АЖни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг ташкилий тузилмасидан чиқиши билан боғлиқ барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин. 

4. Махфий. 

5. “Ўзагросервис” АЖ Кузатув кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ маъқуллансин. 

Белгилансинки: 

“Ўзагросервис” АЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини, енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси таркибига киради; 

“Ўзагросервис” АЖ бош директори жамият акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан сайланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимига тасдиқланади ва мақомига кўра вазирга тенглаштирилади; 

“Ўзагросервис” АЖ бош директори ўринбосарлари жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан сайланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимига тасдиқланади ва мақомига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади. 

6. “Ўзагросервис” АЖ икки ой муддатда: 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “Ўзагросервис” АЖ ташкилотларининг бўш турган ва фойдаланилмаётган бинолари ва иншоотларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда уларни ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарздорликларини тегишли равишда камайтирган ҳолда баланс қиймати бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига машина-трактор паркларининг “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар кафиллигида тақдим этилган кредитлари бўйича мажбурият таъминотини (кафиллик, мол-мулк гарови) алмаштириш тўғрисида таклифлар киритсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзагросервис” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг 2018 йил 1 ноябрдан қуйидагилар орқали машина-трактор паркларини бошқаришнинг энг самарали шаклини танлаш бўйича эксперимент (кейинги ўринларда – эксперимент) ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик билдирилсин: 

“Ўзагросервис” АЖнинг 2-иловага мувофиқ 26 та машина-трактор паркини тадбиркорлик субъектларига сотиш; 

“Ўзагросервис” АЖнинг 3-иловага мувофиқ 3 та машина-трактор паркини давлат унитар корхоналарига (кейинги ўринларда – “Туман МТП” ДУК) айлантириш. 

8. Белгилансинки: 

а) “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор паркларини сотиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлари томонидан 2018 йил 31 декабргача қуйидагилар орқали таъминланади: 

баҳолаш бўйича ишлар харажатларини тегишли машина-трактор парклари маблағлари ҳисобидан қоплаган ҳолда машина-трактор паркларининг мулки ва мулкий ҳуқуқларни баҳолаш; 

бир ёки бир нечта тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли машина-трактор паркларининг устав жамғармасидаги таъсисчи улушини эллик бир фоизидан юз фоизигача бозор нархида сотиб олиш бўйича энг яхши таклифлар танловини эълон қилиш ва ўтказиш; 

машина-трактор паркларининг устав жамғармасидаги юз фоиз улуш сотиб олинган вақтдан бошлаб икки йил давомида ташкилий-ҳуқуқий шакл ва асосий фаолият турини (механизация ва сервис хизматлари кўрсатиш) сақлаб қолиш шарти билан “Ўзагросервис” АЖ ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тегишли шартнома тузиш; 

машина-трактор паркларининг устав жамғармаларидаги таъсисчи улушини сотишдан келиб тушган барча маблағларни “Ўзагросервис” АЖ ташкилотларининг қарздорликларини қоплашга йўналтириш; 

б) таъсисчининг тегишли машина-трактор паркларининг устав жамғармаларидаги улушини баҳолаш қиймати бўйича сотиш имкони бўлмаган тақдирда, “Ўзагросервис” АЖ сотишга қўйилган активларнинг нархларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги ПҚ–2200-сон “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган тартибда босқичма-босқич пасайтириш механизмини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли; 

в) “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор паркларини “Туман МТП” ДУКга айлантириш тегишли вилоятлар ҳокимликлари томонидан 2018 йилнинг 31 декабригача қуйидагилар орқали таъминланади: 

машина-трактор паркларининг устав жамғармаларидаги улушни кейинчаликда уларни “Туман МТП” ДУКга айлантирган ҳолда тегишли туман ҳокимликларига баланс қиймати бўйича ўтказиш; 

“Ўзагросервис” АЖ устав жамғармасидаги давлат улушини туман ҳокимликларига ўтказилаётган улушнинг баланс қийматига камайтириш; 

тегишли туман ҳокимликлари томонидан “Туман МТП” ДУК уставларини тасдиқлаш, шунингдек, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш; 

г) тадбиркорлик субъектларига сотилган машина-трактор парклари, шунингдек, “Туман МТП” ДУК тегишлича “Ўзагросервис” АЖнинг сотиладиган ва қайта ташкил этиладиган машина-трактор паркларининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади; 

д) тегишли туман ҳокимлиги “Туман МТП” ДУКнинг таъсисчиси ҳисобланади ва мазкур корхонанинг мулки етарли бўлмаган ҳолларда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар тарзда жавобгар бўлади; 

е) тадбиркорлик субъектларига сотилган машина-трактор парклари 
ва “Туман МТП” ДУКларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги ПҚ–2658-сон “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 14-банди билан “Ўзагротехмаш” АЖ ва “Ўзагросервис” АЖ ташкилотлари учун белгиланган барча божхона, солиқ имтиёзлари ва преференциялар, бўшаган маблағларни қарздорликни ёпишга йўналтирган ҳолда, татбиқ этилади. 

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларига экспериментнинг муваффақиятли ўтказилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин. 

10. 2019 йилда “Туман МТП” ДУКларга қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг мақсадли параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

11. Махфий. 

12. Экспериментда иштирок этувчи ташкилотларга қуйидагиларни таъминлаш тавсия этилсин: 

машина-трактор парклари томонидан кўрсатиладиган механизация ва сервис хизматлари рўйхатини кенгайтириш, жумладан, юк ва енгил автотранспорт воситаларига ҳамда техниканинг бошқа турларига сервис хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш; 

машина-трактор парклари фаолиятига инвесторларни, жумладан, уларга хоналар, бино ва иншоотларни ижарага бериш ҳамда машина-трактор парки ҳудудида биргаликда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш йўли билан жалб қилиш; 

тегишли машина-трактор паркларининг жиҳозларини модернизация қилиш, шунингдек, механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган жиҳозларнинг янги замонавий турларини сотиб олиш. 

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 

2020 йил 1 январга қадар ўтказилган эксперимент натижалари бўйича машина-трактор паркларини бошқаришни ташкил этишнинг энг самарали шаклини қўллаш бўйича асосланган таклиф киритсин; 

2020 йилга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантиришда ҳосилдорлиги паст ерларга хизмат кўрсатувчи “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор парклари учун қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олишга субсидиялар ажратишни назарда тутсин. 

14. 2018 йил 1 июлдан якка тартибдаги тадбиркорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига қишлоқ аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятга жалб этиш бўйича кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, уларга ўз фаолиятларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эксперимент ўтказишда қонунчиликка риоя этилиши ҳамда давлат органлари мансабдор шахсларининг машина-трактор парклари, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига аралашишларига йўл қўйилмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминласин. 

16. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш, таъмирлаш ҳамда механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома мажбуриятларининг бажарилиши устидан тизимли мониторинг ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, уларнинг натижалари бўйича фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судларга даъво аризалари киритиш тавсия этилсин. 

17. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда қишлоқ хўжалиги техникаси ва улар эҳтиёт қисмлари нархларининг жаҳон конъюнктурасини ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар бўйича аниқ таклифлар киритсин: 

қишлоқ хўжалиги техникаси учун импорт қилинадиган эҳтиёт қисмларни бевосита ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш тизимини жорий этиш; 

ўзаро манфаатли шартлар асосида Ўзбекистон Республикасига қишлоқ хўжалиги техникасининг янги илғор ишлаб чиқарувчиларини жалб қилиш. 

18. “Ўзагросервис” АЖ: 

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда “Ўзагросервис” АЖ ва унинг ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи фонди миқдорини ошириш бўйича аниқ чоралар кўрсин; 

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда реал вақт режимида механизация хизматлари кўрсатишнинг ягона электрон ҳисобини юритиш ва мониторинг қилишни жорий этиш чораларини кўрсин, бунда ушбу тизимнинг “Ўзагросервис” АЖ учун очиқ бўлишини таъминлашни назарда тутсин; 

2019 йил 1 январига қадар тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни “Ўзагросервис” АЖга ўтказган ҳолда ҳудудий “Агросервис МТП” МЧЖларни “Ўзагросервис” АЖ таркибига қўшиб юборишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқсин. 

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 январдаги ПҚ–3459-сон “Қишлоқ хўжалигининг техник жиҳозланиш даражасини янада ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 12-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

20. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига: 

“Ўзагротехмаш” АЖ ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖларнинг бир-бирини такрорловчи функциялари ва тузилмаларини, уларни бирлаштириш ҳамда “Ўзагролизинг” АЖни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг ташкилий тузилмасидан чиқариш йўли билан оптималлаштириш тўғрисида; 

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклиф киритсин. 

21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзагросервис” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни мухофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизматига мазкур қарорнинг ижро ҳолати тўғрисида ахборот киритиб борсинлар. 

22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 29 май