22.12.2024, Якшанба

25.05.2018. Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатда нотариатни ислоҳ қилиш, уни превентив одил судлов ҳамда суд низоларининг олдини олиш вазифаларини бажарувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминловчи муҳим институтлардан бири сифатида шакллантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, нотариал идораларнинг фаолиятида суд-ҳуқуқ соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишда, иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой, меҳнат ва бошқа низоларнинг олдини олишда нотариатнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд. Хусусан: 

биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлиги паст даражадалиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундиришнинг шаффоф эмаслиги, шунингдек, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг нотариат тизимига бўлган ишончини пасайтирмоқда ҳамда коррупция кўринишлари пайдо бўлишига имкон қолдирмоқда; 

иккинчидан, асосан тасдиқлаш хусусиятига эга бўлган вазифани бажараётган амалдаги нотариат тизими мамлакатнинг бугунги ривожланиш талабларига жавоб бермаяпти, нотариал ҳаракатларни бевосита аҳоли пунктларига чиққан ҳолда амалга оширишнинг кенг амалиёти мавжуд эмас. Жамиятнинг ривожланишидан ортда қолаётган нотариатнинг фаолият кўрсатиш тизими унинг комплекс нотариал хизматлар кўрсатувчи янада фаол моделига ўтишни талаб этмоқда; 

учинчидан, замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг паст даражадалиги, идоралараро электрон ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги аҳолига тезкор нотариал хизматларни кўрсатиш имконини бермаяпти ҳамда зарур маълумотнома ва ҳужжатларни тўплаш учун ваколатли давлат ташкилотларига бевосита ташриф буюришни талаб этмоқда. Профилактик чоралар сифатида энг кўп низолашилаётган нотариал битимларни расмийлаштиришда аудио ва видео қайд этишдан фойдаланилмаяпти; 

тўртинчидан, нотариуслар ва нотариал идораларнинг ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими нотариат корпусини юқори малакали кадрлар билан шакллантириш масалаларини тизимли равишда ҳал этиш имконини бермаяпти. Нотариусларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурлари нотариал амалиёт билан етарли даражада уйғунлаштирилмаган; 

бешинчидан, стажировка ўташнинг узоқ ва мураккаб жараёни бўш турган нотариус лавозимларини малакали кадрлар билан тез тўлдириш учун зарур чораларни кўриш имконини бермаяпти; 

олтинчидан, нотариал хизматлар кўрсатишнинг сифати ва тезкорлиги, нотариал идора ходимлари томонидан ўз функционал вазифаларини лозим даражада бажарилиши устидан назорат қилишнинг самарали механизми, айниқса, масофадан назорат қилиш шакллантирилмаган. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилаш мақсадида: 

1. Нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда “ягона дарча” тамойили бўйича амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар рўйхати 1-иловага мувофиқ маъқуллансин ва 2019 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, бошқа ваколатли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда: 

икки ой муддатда нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан “ягона дарча” тамойили бўйича битимларни тасдиқлашда давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишнинг маъмурий регламентлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин; 

белгиланган муддатларда ушбу қарорнинг 1-иловасида назарда тутилган ахборотларни алмашиш учун маълумот базалари ва ахборот тизимларини жорий этиш, шунингдек, уларни “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар бўйича электрон маълумот базаси шакллантирилишини, кейинчалик уни “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин. 

2. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин 
ва белгиланган тартибда тасдиқласин. 

3. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 январдан бошлаб: 

кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш фақат “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади; 

васиятномаларни имзолаш жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуни 34-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим; 

юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда унинг коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланиши лозим. 

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг 2019 йил 1 январдан қуйидагиларга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин: 

нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади; 

мурожаат этувчиларнинг нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлаш нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга улар томонидан имзо қўйиш ва махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилади. 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган асбоб ва ускуналарни олишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига техник жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг: 

нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддатини икки йилдан бир йилга қисқартириш тўғрисидаги; 

нотариус лавозимига номзодлар учун судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахсларга мажбурий стажировка ўташ бўйича талабни бекор қилиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин. 

Белгилансинки, мазкур банднинг амал қилиши ушбу қарор кучга кирган пайтда нотариал идораларда стажировка ўтаётган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади. 

6. Нотариат институтини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

“Йўл харитаси”да кўрсатилган вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари унда назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Олий суди икки ой муддатда: 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда судларга мурожаат этишда давлат божларини тўлашдаги имтиёзлар ва белгиланган давлат божи миқдорларини танқидий ўрганиб чиқсин, натижаси бўйича нотариусларнинг ижро ёзувларидан фойдаланиш амалиётини кенгайтиришга, суд тизимидаги иш ҳажмини камайтиришга йўналтирилган давлат божи ставкалари ва имтиёзларини мақбуллаштириш юзасидан таклиф киритсин; 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда мерос ишларини расмийлаштириш соҳасида нотариал ва суд амалиётини ўргансин ва ушбу соҳадаги ягона ёндашувни таъминлаш юзасидан таклиф киритсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 2019 йил 1 январдан бошлаб уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берилган шахслар тўғрисидаги маълумотни нотариал идораларга реал вақт режимида бепул асосда тақдим қилинишини таъминласин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда барча нотариал идораларни уларда белгиланган иш вақтига мувофиқ фаолият кўрсатувчи махсус кассалар, шунингдек, махсус кассаларни банк пластик карточкаларидан тўловни қабул қилиш бўйича ҳисоб терминаллари билан таъминлаш чораларини кўрсин. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тижорат банклари томонидан нотариуслар томонидан ўзларининг нотариал идоралари бино ва иншоотларида очилган махсус кассалари орқали ундириладиган давлат божларининг жами суммасидан ажратма олиш ҳақида таклиф киритсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги: 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида нотариус лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаб олиш жараёнини реал вақт режимида аудио ва видеотрансляция қилиш амалиётини жорий этсин; 

2019 йил 1 январга қадар муддатда нотариал идораларда нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини сақлаган ҳолда реал вақт режимидаги масофавий марказлаштирилган аудио ва видеокузатув тизимини жорий этиш, бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан улардан фойдаланишни таъминласин; 

икки ой муддатда нотариусларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув-режа ва дастурларни, жумладан, психология ва юридик фаолият билан боғлиқ бўлмаган тартиблар ва кўникмаларга (стрессни бошқариш, келишмовчиликларни бошқариш, иш вақтини самарали ташкил этиш) ўргатиш бўйича дарслар киритилишини назарда тутган ҳолда қайта кўриб чиқсин; 

нотариал амалиётда вужудга келаётган долзарб масалаларни видеоконференциялар ташкил этиш орқали муҳокама қилишни назарда тутувчи доимий семинар машғулотларини ўтказиб боришни амалиётга кенг жорий этсин; 

Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда аҳолининг нотариал хизматлардан фойдаланиш имконини ошириш мақсадида нотариал округдаги нотариус лавозимларини белгилаш мезонларини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар муддатда илғор хорижий тажрибани ва миллий нотариал амалиётни чуқур ўрганган ҳолда давлат нотариал идораларини фаол нодавлат шаклига ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан асослантирилган таклиф киритсин; 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К.Давлетов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш.МИРЗИЁЕВ 



Тошкент шаҳри, 2018 йил 25 май