22.12.2024, Якшанба

21.05.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3726-сонли қарори ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги  “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3726-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида,

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3726-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан:

          а) 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг хизматдаги офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркиби (кейинги ўринларда - вазирлик ва идоралар) фарзандлари учун:

          республика олий таълим муассасалари давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари;

ҳарбий олий таълим муассасаларига курсантларнинг умумий қабул сонидан бакалавриятга қабул қилишнинг беш фоизли квотаси ажратилиши (иккинчи ва ундан кейинги олий таълимдан ташқари);

          б)  мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ республиканинг олий таълим муассасалари ва олий ҳарбий таълим муассасаларига (кейинги ўринларда - таълим муассасалари) квота асосида кириш ҳамда давлат гранти асосида таълим олиш ҳуқуқи мамлакатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган, хизматдаги ҳарбий ва илмий фаолиятда маълум бир натижаларга эришган ва тегишли вазирликлар ва идораларнинг тавсияномаларига эга бўлган хизматдаги офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг (кейинги ўринларда - ҳарбий хизматчилар) фарзандларига берилиши;

ажратилган беш фоизли квота чегарасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади ҳамда жойлар Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари натижаси бўйича тўпланган баллардан келиб чиққан ҳолда, навбатдаги кетма-кетлик тартибига мувофиқ тақсимланиши;

олий таълим муассасаларига фарзандлари ўқишга кириши учун ҳарбий хизматчиларга бериладиган тавсияномалар, тавсияномаларни бериш тўғрисидаги қабул қилинадиган қарорларнинг холислиги юзасидан шахсий жавобгарлик юкланадиган, ҳарбий хизматчиларнинг (бошлиқларнинг) бевосита командирларининг илтимосномалари асосида тегишли вазирлик
ва идоралар томонидан берилиши;

тавсияномалар фарзандларнинг олий таълим муассасасига бир марта кириши учун уч йилдан ошмайдиган муддатга берилиши;

абитуриентда тегишли вазирлик ва идора томонидан берилган тавсияноманинг мавжудлиги ҳолатида, шунингдек, муддатли ҳарбий хизмат ниҳоясига етгандан кейин ҳарбий қисмнинг қумондонлиги томонидан, муддатли ҳарбий хизмат муддати тугаганидан сўнг ҳарбий қисм қумондонлиги томонидан берилган, тавсияномада назарда тутилган кўшимча йиғилган балларни ҳисобга олган ҳолда, уни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари натижаси бўйича танлов асосида амалга оширилиши;

тавсиянома бланклари қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланиши, ҳисобга олиш серияси, рақами ва ҳимояланиш даражасига эга бўлиб, “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланиши белгилаб қўйилганлиги;

          в) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ўртасида олий таълим муассасаларига беш фоизли қабул квотасининг умумий ҳар йили тақсимланадиган жойлари қуйидаги нисбатда тақсимланганлиги:

Мудофаа вазирлиги - 44 фоиз;

Ички ишлар вазирлиги - 10 фоиз;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги - 3 фоиз;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги - 1 фоиз;

Давлат хавфсизлик хизмати - 30 фоиз;

Миллий гвардия - 10 фоиз;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хавфсизлик хизмати 2 фоиз.

          г) 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг офицерлари, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари вазирликлар ёки идораларнинг тегишли тавсияномалари асосида белгиланган қабул квоталаридан ташқари давлат гранти асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриятига (иккинчи ва ундан кейинги олий таълимдан ташқари) танловсиз қабул қилиниши белгилаб қўйилганлиги;

          д)  вазирликлар ва идораларга 2018/2019 ўқув йилларидан олдин тўлов-шартнома асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриятларига ўқишга кирган, ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалоқ бўлган офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандлари учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартномаларни тўлашга рухсат этилганлиги;

          е) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари фарзандларини квота асосида республиканинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномаларни бериш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳасини Ўзбекистон Ресрубликаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш
ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштириш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Вазирликлар, идоралар, туманлар ва Нукус шаҳар ҳокимликлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

          4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Жуманов зиммасига юклатилсин.

 

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси   

Вазирлар Кенгашининг Раиси

 

                            Қ.Сариев