Халқимиз учун эзгулик, саховат,
меҳр-шафқат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётимизда ўзаро
аҳиллик
ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасидаги алоҳида ўрни
ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик
моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг
тарғиб этиш, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майдаги “Муборак Рамазон
ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3716-сонли қарорида белгиланган
топшириқларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадидаҚорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майдаги “Муборак Рамазон
ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги
ПҚ-3716-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.
2.Ўзбекистон
Республикаси Президентининг юқоридаги қарорига мувофиқ 2018 йил муборак Рамазон
ойининг бошланиши 17 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари
идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
3. Нукус шаҳри
ва туманлар ҳокимликлариЎзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини
қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси
Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва бошқа
жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини азалий анъана ва
қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ
чора-тадбирларни амалга оширсин.
Жойларда
Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғоялар, динимиз арконларини
эъзозлаш, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига
яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган, ёш авлодимизни
Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга
хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишлари ташкил этилсин.
Ушбу
муқаддас ойда ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама
қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини
мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини,
қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга
алоҳида аҳамият берилсин.
4. Қорақалпоғистон
Республикаси телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ва бошқа
оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни
кенг ёритиш тавсия этилсин.
5. Мазкур
қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
Раисининг ўринбосари М.Алеуов зиммасига юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев