22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3892-сонли қарори ҳақида


Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, ушбу соҳадаги муассасалар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техник аҳволини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПҚ-3892-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3892-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан:

а) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилганлиги:

маданият ва санъат йўналишидаги нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер участкалари ажратиш;

мавжуд давлат маданият ва санъат муассасалари биноларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан маданият ва санъат йўналишидаги нодавлат муассасалари объектларини қуриш учун бепул асосда ер участкаларини тақдим этиш;

концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш;

бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат маданият ва санъат муассасаларининг биноларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда “ноль” харид қийматида сотиш;

давлат маданият ва санъат муассасаларининг фойдаланилмаётган биноларини (ёки уларнинг бир қисмини) ижара ҳақининг “ноль” ставкасида мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга бериш;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган маданият ва санъат нодавлат муассасаларини моддий-техник, молиявий ва методик таъминлаш;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш;

маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилганлиги;

б) давлат-хусусий шериклик шаклига қараб хусусий шерикка қуйидаги инвестиция мажбуриятлари юкланиши мумкинлиги белгилаб қўйилганлиги:

маданий хизмат кўрсатишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифасига имтиёзлар бериш;

маданият ва санъат муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш борасидаги ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутиладиган бошқа мажбуриятларни бажариш;

в) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича тузилиши, бунда ушбу қарорнинг 1-банди еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда танлов ўтказилмаслиги;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ёки “Ўзбеккино” Миллий агентлиги тегишли равишда ўз тизимларида давлат томонидан хусусий шерик билан битим тузиши ва битим шартларини хусусий шерик қандай бажараётгани бўйича мониторинг олиб бориши белгилаб қўйилганлиги;

г) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

маданият ва санъат нодавлат муассасаларини ривожлантириш ва давлат-хусусий шерикликни рағбатлантириш тадбирларини молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасида очиладиган алоҳида ҳисобварақда (кейинги ўринларда махсус ҳисобварақ деб юритилади) жамлаш тўғрисидаги;

маданият ва санъат нодавлат муассасалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил қилинган шундай муассасаларга давлат маданият ва санъат муассасасининг йиллик даромадлари ва харажатларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинганлиги;

д) қуйидагилар махсус ҳисобварақни шакллантириш манбалари этиб белгиланганлиги:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратиладиган эквиваленти 100,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитлар;

давлат маданият ва санъат муассасалари негизида маданият ва санъат нодавлат муассасаларини ташкил этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида тижорат банкларидан ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг 7 фоиздан ошган қисмини қоплаб бериш учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мақсадли маблағлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг хайриялари, кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

махсус ҳисобварақнинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

е) махсус ҳисобварақдаги маблағлар туман ва чекка қишлоқ жойлардаги театрлар, кинотеатрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, концерт заллари, ҳайвонот боғлари ва бошқа маданий объектлар негизида маданият ва санъат нодавлат муассасаларини ташкил этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга фоизсиз асосда имтиёзли кредит бериш учун тижорат банкларига тақдим этилиши;

махсус ҳисобварақ маблағларидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари томонидан маданият ва санъат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига 10 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 7 фоизли ставка бўйича ажратиб берилиши белгилаб қўйилганлиги;

ж) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар амал қилишининг қуйидаги муддатлари белгиланганлиги:

маданият ва санъат йўналишидаги нодавлат муассасаларнинг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер участкалари ажратиш битими – камида 30 йил;

мавжуд давлат маданият ва санъат муассасалари биноларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан маданият ва санъат йўналишидаги нодавлат муассасалари объектларини қуриш учун бепул асосда ер участкаларини тақдим этиш битими – камида 30 йил;

бўш турган давлат мулки объектларини, жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат маданият ва санъат муассасаларининг биноларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда “ноль” харид қийматида сотиш битими – камида 30 йил;

давлат маданият ва санъат муассасаларининг фойдаланилмаётган биноларини (ёки уларнинг бир қисмини) ижара ҳақининг “ноль” ставкасида мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга бериш битими – 30 йилгача;

концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш битими – 15 йилгача;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган маданият ва санъат нодавлат муассасаларини моддий-техник, молиявий ва методик таъминлаш битими – камида 10 йил;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш битими – камида 

1 йил;

олинган имтиёзли кредит асосида ёки давлат-хусусий шериклик шартларида тадбиркорлик субъектларига топширилган объектларда маданият ва санъат нодавлат муассасаси фаолияти ташкил этилган кундан бошлаб давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар амал қилишининг муддатлари мобайнида уни қайта ихтисослаштириш тақиқланиши;

з) давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этилган маданият ва санъат нодавлат муассасалари:

асосий фаолияти бўйича барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

ўзларининг эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган техник воситалар ва бошқа жиҳозлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 3 йил муддатга божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилиниши;

ушбу бандда кўрсатилган солиқ ва божхона имтиёзлари маданият ва санъат соҳасида кўрсатилаётган хизматлардан олинадиган соф тушум улуши умумий реализация ҳажмида ҳисобот (солиқ) даври якунларига кўра камида 80 фоизни ташкил этадиган маданият ва санъат нодавлат муассасаларига нисбатан қўлланилиши белгилаб қўйилганлиги;

и) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда бўш турган давлат мулки объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши лозим бўлган давлат маданият ва санъат муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини тузиш;

ҳар йили 1 февралга қадар давлат-хусусий шериклик шартларида маданият ва санъат нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини аниқлаб, уларнинг тасдиқланган рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлигига тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда қисқа муддатларда маданият ва санъат нодавлат муассасасини ташкил этиш учун ер участкаси ажратилишини, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш;

маданият ва санъат нодавлат муассасаларини қуришда уларни маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳисобига лойиҳа харажатлари ҳамда барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва бошқалар) билан таъминлаш топширилганлиги;

к) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда:

маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида низомни тасдиқлаш;

маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектлари рўйхатини тасдиқлаш ва унинг ҳар йили янгилаб борилишини таъминлаш топширилганлиги;

л) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилганлиги, унда қуйидагилар назарда тутилиши:

махсус ҳисобварақ маблағларидан фойдаланиш тартиби;

давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фаолият юритадиган маданият ва санъат муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби;

м) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида:

3 штат бирлигидан иборат бўлган давлат-хусусий шериклик асосидаги маданият ва санъат муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси;

2 штат бирлигидан иборат бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари мониторинги бўлими;

3 штат бирлигидан иборат бўлган ЮНЕСКО билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинганлиги;

н) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлигига:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминлаш ҳамда бажарилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда маданият ва санъат соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кўриш топширилганлиги;

о) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига давлат-хусусий шериклик битимини амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш топширилганлиги;

п) Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши ҳамда хусусий шериклар томонидан ўз зиммаларига олинган мажбуриятларга риоя қилиниши учун шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилганлиги;

р) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига мазкур қарорда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар, маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳақида тадбиркорлик субъектлари орасида кенг қамровли тушунтириш ишларини амалга ошириш топширилганлиги;

с) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамияти кенг ёритилишини ҳамда аҳолига етказилишини ташкил этиш топширилганлиги;

т) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–2778-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилиши;

у) Маданият вазирлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Шаҳар ва туманлар ҳокимликларига:

Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва “Қорақалпоқкино” агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда бўш турган давлат мулки объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши лозим бўлган давлат маданият ва санъат муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини тузиш;

ҳар йили 30 январга қадар давлат-хусусий шериклик шартларида маданият ва санъат нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини аниқлаб, уларнинг тасдиқланган рўйхатларини Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Қорақалпоқкино” агентлигига тақдим этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси билан биргаликда қисқа муддатларда маданият ва санъат нодавлат муассасасини ташкил этиш учун ер участкаси ажратилишини, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш;

маданият ва санъат нодавлат муассасаларини қуришда уларни маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳисобига лойиҳа харажатлари ҳамда барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва бошқалар) билан таъминлаш топширилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Қорақалпоқкино” агентлигига:

шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминлаш ҳамда бажарилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ахборот тақдим этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда маданият ва санъат соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кўриш топширилсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигига давлат-хусусий шериклик битимини амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш топширилсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, “Қорақалпоқкино” агентлиги директори, шаҳар ва туман ҳокимлари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши ҳамда хусусий шериклар томонидан ўз зиммаларига олинган мажбуриятларга риоя қилиниши учун шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига мазкур қарорда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар, маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳақида тадбиркорлик субъектлари орасида кенг қамровли тушунтириш ишларини амалга ошириш топширилсин.

8. Қорақалпоғистон ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамияти кенг ёритилишини ҳамда аҳолига етказилишини ташкил этиш тавсия этилсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига киритиш топширилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.А.Жуманов зиммасига юклансин.




Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев