22.12.2024, Якшанба

14.05.2018 Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигининг самарали тизимини яратиш давлатнинг қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари, тинчлик ва хавфсизликни ишончли ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. 

Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти таҳлили, шунингдек, халқ билан бевосита мулоқот натижалари ушбу соҳада бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, хусусан: 

биринчидан, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги; 

иккинчидан, жиноятларни профилактика қилиш ва олдини олиш, шунингдек, фуқароларга юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги ҳуқуқий механизмларнинг етарли даражада самарадор эмаслиги; 

учинчидан, алоҳида турдаги жиноятларни содир этганлик учун санкциялар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номувофиқлиги, жумладан жазонинг муқобил турлари, рағбатлантирувчи нормалар ва жамоат таъсир чоралари етарли даражада қўлланилмаслиги ва самарасизлиги; 

тўртинчидан, тезкор-тергов тадбирларини ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги ва процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилиши; 

бешинчидан, халқаро амалиётда эътироф этилган жиноят-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада имплементация қилинмаганлиги, жумладан юридик шахслар жиноий жавобгарлигининг мавжуд эмаслиги; 

олтинчидан, суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш жуда паст даражада эканлиги. 

Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгилансин: 

жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш; 

жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш; 

фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш; 

жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш; 

жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш; 

жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини киритиш. 

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди ва Ички ишлар вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи “Электрон жиноят иши” дастлабки лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган жиноят ишларини юритиш тартибини босқичма-босқич рақамлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин: 

жиноят ишлари бўйича иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида суриштирув органларининг прокуратура органлари, судлар ва жазони ижро этиш органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имкониятини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, жиноят ишлари бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилиш; 

ҳужжатнинг ягона идентификаторини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг суриштирув органлари, судлар, прокуратура органлари билан Интернет тармоғи орқали ахборот алмашинувини таъминлаш; 

жиноят ишлари бўйича суриштирув амалиётида жиноят-процессуал ҳужжатларининг ягона электрон шаклини ишлаб чиқиш; 

жиноят ишларини юритиш жараёнларини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритувда тартиб-таомилларни қисқартириш ва ортиқча босқичларни чиқариб ташлаш орқали оптималлаштириш; 

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тартибларини, жумладан электрон шаклда санкциялар олиш, далилларни тўплаш, экспертизалар, суд муҳокамаси ўтказиш ва суд қарорларини ижро этиш орқали соддалаштириш. 

3. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

4. Идоралараро комиссия (О.Б.Муродов): 

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш, шунингдек, “Электрон жиноят иши” дастлабки лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этсин ва уларнинг иш режаларини тасдиқласин; 

2018 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод туманларида “Электрон жиноят иши” дастлабки лойиҳаси (кейинги ўринларда – дастлабки лойиҳа) амалга киритилсин; 

2019 йил 1 октябрга қадар дастлабки лойиҳанинг синовлари натижаларидан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритуви жорий қилиниши муносабати билан жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин; 

2019 йил 1 декабрга қадар ушбу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаларини киритсин. 

Ушбу бандда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида: 

жиноят ва жиноят-процессуал ҳуқуқи соҳасидаги илғор халқаро тажрибани, умумэътироф этилган норма ва стандартларни, жумладан жойларга чиққан ҳолда ўрганишни; 

илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманлари ташкил этишни таъминласин. 

5. Дастлабки лойиҳа иштирокчилари рўйхати ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. 

6. Белгилаб қўйилсинки, дастлабки лойиҳани амалга ошириш доирасида: 

бир вақтнинг ўзида ҳужжатларнинг қоғоз ва электрон шаклларидан фойдаланилади; 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси “Электрон жиноят иши” лойиҳасининг амалга оширилиши ва юритилишига масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади; 

иш ўринларини жиҳозлаш, ички локал-ҳисоблаш тармоқларини ташкил этиш тегишли вазирлик ва идоралар – дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади; 

алоқа каналлари билан таъминлаш “Ўзбектелеком” АК томонидан Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади; 

“Электрон жиноят иши” тизимини яратиш ва жорий этиш, уни дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг мавжуд ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграция қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўриш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш “UNICON.UZ” ДУК томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази билан биргаликда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. 

7. Идоралараро комиссия раисига юклатилган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, республиканинг илмий ва таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар маслаҳатчиларини жалб қилиш ҳуқуқи берилсин. 

8. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу қарорнинг ўз вақтида ва самарали ижроси учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Идоралараро комиссияга хорижий мамлакатларга сафарларни ташкил этиш, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашув ва музокараларни ўтказишда ҳар томонлама кўмаклашсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, масъул вазирлик 
ва идоралар ушбу қарор билан белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий ва амалий чоралар кўрилишини таъминласин. 

11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ
 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 14 май