Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчи ёшлар ва талабаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши тизимини такомиллаштириш, истеъдодли ёшларни саралаб олиш ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар захирасини шакллантириш, шунингдек, спортчиларни тиббий таъминлаш ишларини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги 542-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон РеспубликасиВазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги “Давлат таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 542-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан:
а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг:
умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини (кейинги ўринларда спорт клублари деб аталади) ташкил этиш;
ташкил этилаётган:
умумтаълим мактаблари ҳузуридаги спорт клубларини - Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг (кейинги ўринларда спорт жамияти деб аталади) бюджетдан ташқари маблағлари;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клубларини - Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) маблағлари ҳисобига молиялаштириш ҳақидаги таклифлари маъқулланганлиги;
б) спорт клублари тегишлича спорт жамияти ҳамда Ассоциациянинг таълим муассасаларидаги филиали ҳисобланиши ҳамда мазкур спорт жамияти ҳамда Ассоциациянинг мақсад ва вазифаларини тегишли давлат таълим муассасаларида амалга оширишга кўмаклашиши;
спорт клублари раҳбари этиб жамоатчилик асосида спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасаси раҳбари (директор, ректор) тавсия этилиши ва спорт клубларининг тўлиқ ва самарали фаолият юритишига масъул ҳисобланиши;
спорт клублари аъзолари ўртасида спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ҳамда иштирокчиларни кийим-кечак билан таъминлашни молиялаштириш тегишлича спорт жамиятининг ҳамда Ассоциациянинг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тегишлилиги бўйича давлат таълим муассасаларида спорт клубларининг фаолияти ривожланишига кўмаклашиши ва тегишли шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилганлиги;
в) қуйидагилар спорт клубларининг асосий вазифалари этиб белгиланганлиги:
ўқувчилар ва талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;
ўқувчилар ва талабалар ўртасида спорт турлари бўйича жамоалар ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, хусусан “мактаб лигаси”, “талабалар лигаси” ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш;
умумтаълим мактабларида - ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 4 соатдан синфдан ташқари спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида - ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;
олий таълим муассасаларида - истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ҳамда республика олий спорт маҳорати мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;
жисмоний тарбия ва спорт жараёнига машғулотлар ўтказиш учун малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш;
г) давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клублари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;
д) қуйидагилар спорт клубларини молиялаштириш манбалари этиб белгиланганлиги:
спорт жамиятининг бюджетдан ташқари маблағлари (умумтаълим мактаблари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
Ассоциация маблағлари (ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик ҳайриялари;
хорижий ва халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
е) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда спорт клубларининг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг моддий-техник база ва тренер-ўқитувчилар таркиби билан таъминланганлиги, ўқув-машқ жараёнининг сифати устидан назорат қилиниши, спорт машғулотлари мунтазам ўтказилиши ва ўқувчилар ҳамда талабалар қатнови даражаси мониторингини тизимли асосда олиб бориши;
ж) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда спорт клубларида шуғулланадиган ўқувчилар ва талабаларнинг мусобақаларга тайёргарлик кўришда ва ўқув-тайёргарлик машқлари давомида функционал ҳолати диагностикасини ташкил этиш,
маслаҳат-диагностика ҳамда даволаш-профилактика ишларини такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказларида бир йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказиши;
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда доимий равишда спорт турлари бўйича халқаро спорт мусобақалари ва уларга тайёргарлик машғулотлари давомида спортчиларни тиббий ходимлар (врач, массажчи, психолог) билан таъминлашни ташкил этиш ва кузатиб боришни таъминлаши;
уч ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг спорт тиббиёти бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўриши;
з) Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштириши маълумот учун қабул қилинсин.
3.Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, олий таълим муассасалари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда спорт клубларининг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг моддий-техник база ва
тренер-ўқитувчилар таркиби билан таъминланганлиги, ўқув-машқ жараёнининг сифати устидан назорат қилиниши, спорт машғулотлари мунтазам ўтказилиши ва ўқувчилар ҳамда талабалар қатнови даражаси мониторингини тизимли асосда олиб борсин.
4.Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, олий таълим муассасалари билан биргаликда спорт клубларида шуғулланадиган ўқувчилар ва талабаларнинг мусобақаларга тайёргарлик кўришда ва ўқув-тайёргарлик машқлари давомида функционал ҳолати диагностикасини ташкил этиш, маслаҳат-диагностика ҳамда
даволаш-профилактика ишларини такомиллаштириш мақсадида туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт марказларида бир йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказсин;
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда доимий равишда спорт турлари бўйича халқаро спорт мусобақалари ва уларга тайёргарлик машғулотлари давомида спортчиларни тиббий ходимлар
(врач, массажчи, психолог) билан таъминлашни ташкил этиш ва кузатиб боришни таъминласин;
уч ой муддатда туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт марказларининг спорт тиббиёти бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
5.Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.А.Жуманов зиммасига юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев