21.12.2024, Шанба

Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Таъкидлансинки, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни ташкиллаштирилган тарзда йиғиш юзасидан халқаро шартномалар тузиш, уларнинг республика ташқарисида иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ноқонуний меҳнат миграциясининг катта оқими ҳалигача сақланиб қолмоқда.

Фуқароларни хорижда ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари паст даражада қолиши давом этмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини тубдан кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида аккредитациядан ўтиш асосида, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг лицензиялар бериш ва аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш функцияларини бажарувчи ишчи органи этиб белгилансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) юридик шахс мақомида ташкил этилсин.

Қуйидаги харажатларни молиялаштириш Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;

ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш;

меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтариш;

республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;

хорижда Агентликнинг ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;

норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган, фуқароларни хорижда ишга ташкиллаштирилган тарзда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш.

3. Қуйидагилар Жамғарманинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам;


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузиладиган лицензия келишуви доирасида фуқароларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юборувчи ташкилотларнинг, захираланаётган маблағ ишлатилган ҳолларда маблағларни тўлдириш, шунингдек, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензия муддати тугатилган ҳолларда маблағларни қайтариш шарти билан, 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги захираланадиган маблағлари;

бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда қуйидагиларни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни;

Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакаларини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкиллаштирилган тарзда йиғиш тартиби тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг янгиланган низомини;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни, жумладан, унда жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини назарда тутган ҳолда.

5. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 августдан:

хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинади;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда минимал рентабелли янги иш ўринларини яратишга қаратилган ижтимоий корхоналарни давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этиш механизмларини жорий қилиш бўйича, ушбу мақсадларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағларини йўналтиришни назарда тутган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Агентлик барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳамасига Агентликнинг бошқарув ходимлари ҳисобидан масъул ходимларни Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тақдим этиладиган мансабдор шахслар рўйхатига киритиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда меҳнат қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикасининг бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д.Қудбиевга юклансин.




Ўзбекистон Республикаси 
Президенти                                               Ш.МИРЗИЁЕВ
 


Тошкент шаҳри, 
2018 йил 5 июль