22.12.2024, Екшемби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори ҳақида

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, саломатликларини муҳофаза қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш мақсадида Вазирлар Кенгаши қарор қилади:  

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан:

а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва “Ўзтўқмачиликсаноат” уюшмасининг 2018/2019 ўқув йили давомида давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формасини (кейинги ўринларда мактаб формаси деб юритилади) жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланганлиги;

б)  Қуйидагилар:

- давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасининг шакллари 1 иловага мувофиқ;

- давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2 иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

в) 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасаларига 1 иловага мувофиқ тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилганлиги;

г) “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларни белгилашда уларнинг технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудида) инобатга олган холда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакиллантирилганлиги;

д) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказида аҳолига қулай жойларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шохобчаларини ташкил этиш ва уларнинг жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш топширилганлиги;

е) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги мактаб формасининг белгиланган стандартларга санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сифатли тўқмачилик маҳсулотларидан тайёрланиши устидан назорат ўрнатиш топширилганлиги;

ж) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлигига:

- 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мактаб формасининг давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ихтиёрий жорий қилинишига кўмаклашиш;

- 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб мактаб формасининг давлат умумий ўрта таълим муассасаларида тўлиқ жорий этилишини таъминлаш;

- ўқувчиларнинг ота-оналари  ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар орасида давлат умумий ўрта таълим муассасаларига мактаб формасида келишнинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш  ишларини олиб бориш топширилганлиги;

з) Тижорат банкларига аҳолининг мактаб формаларини ҳарид қилиши учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли (олти ойдан кам бўлмайдиган) истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилганлиги;

и) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, мактаб формаси жорий қилинишининг ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенгиликни мустаҳкамлашга  ва сифатли таълим-тарбия олиш учун шароит яратишга хизмат қилиши оммавий ахборот воситаларида, жумладан ижтимоий роликлар орқали мунтазам ва кенг ёритиш тавсия этилганлиги;

й) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган 

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

- 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мактаб формасининг давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ихтиёрий жорий қилинишига кўмаклашиш;

- 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб мактаб формасининг давлат умумий ўрта таълим муассасаларида тўлиқ жорий этилишини таъминлаш;

- ўқувчиларнинг ота-оналари  ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар орасида давлат умумий ўрта таълим муассасаларига мактаб формасида келишнинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш  ишларини олиб борсин.

4. Тижорат банклари аҳолининг мактаб формаларини ҳарид қилиши учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли (олти ойдан кам бўлмайдиган) истеъмол кредитлари ажратиш бўйича таклифлар киритсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлигига ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, мактаб формаси жорий қилинишининг ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенгиликни мустаҳкамлашга  ва сифатли таълим-тарбия олиш учун шароит яратишга хизмат қилиши оммавий ахборот воситаларида, жумладан ижтимоий роликлар орқали мунтазам ва кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган 

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Жуманов зиммасига юклатилсин.


Қорақалпоғистон Республикаси 

Вазирлар Кенгашининг Раиси                                               Қ.Сариев