22.12.2024, Екшемби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги «2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экишга тайёргарлик кўриш, уруғликни навлар бўйича жойлаштириш, дон экиш агрегатларини таъмирлаш, экиш учун ер тайёрлаш, ғалла экиш мавсумини уюшқоқлик билан тизим асосида ташкил этиш ҳамда уруғлик дон тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ЭДО-01-03-17-1-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш ҳақида


2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, бошоқли дон экинларини навлар бўйича оптимал жойлаштириш, ғалла экишни уюшқоқлик билан мақбул муддатларда ўтказишни ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги ЭДО-01-03-17-1-сонли йиғилиш баёни топшириқлари ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. 2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва ғалла экиш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил қилиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага;

2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экишни ташкил қилиш тизими 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Туман ҳокимлари:

уч кун муддатда кузги ғалла экиш бўйича туман ишчи гуруҳлари таркибини шакллантириб, ишчи гуруҳларининг ғалла экиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан иш режаларини тасдиқлаш ва унда ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоларининг вазифаларини аниқ белгилаб бериш;

ишчи гуруҳ раҳбари этиб туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларини тайинлаш ва ишчи гуруҳ таркибини

2-иловага мос равишда шакллантириб, ғалла экишга алоқадор бўлган ташкилотлар ва корхоналар раҳбарлари ҳамда мутахассисларини киритиб, экиш ишларини самарали ташкил этиш;

2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экишга тайёргарлик кўриш, ҳосилдорликни белгилашда ер балл бонитети ва сув йўлларини инобатга олган ҳолда тақсимот ишлаб чиқиб, ғаллани навлар бўйича жойлаштириш, экиш учун ер тайёрлаш, дон экиш агрегатларини таъмирлаш, уруғлик донни тайёрлаш ва шохобчалар орқали фермер хўжаликларига етказиб бериш, ғалла экиш мавсумини уюшқоқлик билан тизим асосида ташкил этиш бўйича туман қарорларини қабул қилиш; 

ер тайёрлаш ва бошоқли дон экишни жорий йилнинг 25 сентябригача якунлаш бўйича графиклар ишлаб чиқиб тасдиқлаш ҳамда тасдиқланган графикларни умумлаштириш ва Вазирлар Кенгашига тақдим этиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига топширилишини таъминласинлар.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Аннақулов), «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДУК Қорақалпоғистон Республикаси бўлими (Ибрагимов), «Қорақалпоқ агрокимёҳимоя» ҲАЖ (Давлетов), «Тўрткўлдонмаҳсулотлари» МЧЖ (Рузметов), «Тахиатошдон-маҳсулотлари» АЖ (Утемуратов), «Қорақалпоқдонмаҳсулотлари» АЖ (Худаяров), «Чимбойдонмаҳсулотлари» МЧЖ (Жалекеев), «Қўнғирот ун заводи» АЖ (Бекешов) билан биргаликда:

жорий йил 20 сентябргача ҳудудларда экишнинг оптимал муддатларидан келиб чиққан ҳолда зарур бўлган уруғлик донни белгиланган навлар бўйича тайёрлаш ва график асосида ўз вақтида етказиб бериш; 

уруғлик цехларининг бетухтов ишлашини, уларда уруғликни сифатли тайёрланиши, графикда белгиланган муддатларда жойларга етказиб берилишини шахсан қатъий назорат қилиш;

уруғлик цехларида ва ташиш жараёнида уруғлик доннинг тўкилишига, навларнинг аралашиб кетишига ва исроф бўлишига йўл қўймасликни, ортиш-тушириш қоидаларига риоя қилинишини алоҳида назоратга олиш;

уруғлик тарқатиш шахобчаларини мавсумга тўлиқ тайёрлаш, фермер хўжаликларига қулай масофаларда қўшимча шахобчалар ташкил қилиш чораларини кўриш;

экиш учун талаб этиладиган кузги ғалла уруғлигини жорий йилнинг 20 августигача тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш;

2019 йил ғалла ҳосили учун экиладиган уруғлик дон тўлиқ қайта ишланишини (тозаланиши, сараланиши касаллик ва зараркунандаларга қарши сифатли қилиб дориланиши) қатьий назоратга олиш;

уруғлик донни дорилашда ишлатиладиган кимёвий препаратлар қатъий равишда «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДУК Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг тақсимоти бўйича уруғликни дорилаш учун қўлланилишига Дон корхоналари шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

5. «Агробанк» АТБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (Балтабаев) дон корхоналарига уруғдорилагичлар ва уруғликни ташиш учун зарур бўлган маблағларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Аннақулов), «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДУК Қорақалпоғистон Республикаси бўлими (Ибрагимов), Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон тажриба станцияси (Утамбетов), Ер ресурслари  ва давлат кадастри бошқармаси (Якупов) туманлар ҳокимлари билан биргаликда совуққа, шўрга чидамли ғалла навларини янгилаш, эрта пишар ғалла навларини танлаш ва экилишини таъминласинлар.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Темирханов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Аннақулов), «Қорақалпоғистон агросервис МТП» МЧЖ (Ҳакимов), «Агробанк» АТБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (Балтабаев) туман ҳокимлари билан биргаликда:

2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш мавсумига техникаларни тайёрлаш, таъмирлаш ва эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш чораларини кўрсинлар ва зарур миқдордаги маблағлар ажратилишини таъминлаш;

ҳудуддаги ғалла экиш учун ер тайёрлаш ва бошқа техникаларни, дон экиш сеялкалари ва мосламаларини мулк шаклидан қатъий назар ёппасига техник хатловдан ўтказилишини ташкил қилиш;

туманлар ҳокимликлари билан биргаликда ер тайёрлаш ва ғалла экиш техникаларини уч кун муддатда, ғўза қатор орасига дон экиш агрегат                                  ва мосламаларини 1 сентябргача мавсумга тайёрлаш ишларини якунлаш;

Мавсумда қатнашадиган барча техникаларни устахоналарга йиғиб, уларни марказлашган ҳолда сифатли таъмирлашни, устахоналарда ишчилар учун зарур шарт-шароитлар ва иссиқ овқат билан таъминлашни ташкил этиш ва назоратга олиш топширилсин.

8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Аннақулов), «Қорақалпоқ агрокимёҳимоя» АЖ (Давлетов), «Тахиатош нефт базаси» МЧЖ (Абдимуратов) билан биргаликда кузги ғалла экиш мавсуми учун зарур бўлган фосфорли   ва калийли минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари ҳажмларини аниқлаб, мавсум бошлангунига қадар жойларда уларнинг етарли захирасини яратиш;

уч кун муддатда туманлар ҳокимликлари иштирокида минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш материалларини меъёрлар бўйича етарли миқдорда етказиб бериш графикларини ишлаб чиқиб тасдиқласин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (Узақов) ирригация тизимлари бошқармалари раҳбарлари билан биргаликда ғалла экиш учун шўр ювиладиган ҳудудларни олдиндан аниқлаб, 2 кун муддатда шўр ювиш графикларини ишлаб чиқилишини ва уларнинг бажарилиши бўйича кунлик маълумотларни Вазирлар Кенгашига бериб борилишини таъминласин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (Якупов) кузги бошоқли дон экинлари тўлиқ экилиши ва жорий йилнинг 20 ноябригача ғалла экилган майдонларни ёппасига хатловдан ўтказишни ва ҳар бир контурда тўлиқ кўчат олиниши мониторингини ташкил қилинишини ва натижаси бўйича Вазирлар Кенгашига ахборот киритилишини таъминласин.

11. «Қорақалпоқ агрокимёҳимоя» АЖ (Давлетов), «Агробанк» АТБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (Балтабаев) биргаликда 2019 йил ғалла ҳосилини касаллик, зараркунандалар, бегона ўтларга қарши кураш учун қарши ишлатиладиган кимёвий препаратлар захирасини жорий йилнинг  1 декабригача яратиш чораларини кўрсинлар.

12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (Хожаметов) зиммасига юклатилсин.


Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгашининг Раиси                            Қ.Сариев