Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 июлдаги “Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий-маиший таъминлаш ва ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 543-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 июлдаги “Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий-маиший таъминлаш ва ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 543-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан:
а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида кўрсатилган қарори билан озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» иловага мувофик тасдиқланганлиги;
б) Қуйидагилар:
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий мослаштиришга масъул тузилмалар фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг вазифа, функция ва ваколатларини аниқ чегаралаш;
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий мослаштириш, шу жумладан, улар ҳаётининг сифати
ва даражасини ошириш;
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларнинг психологик ва ижтимоий мослашуви мониторинги тизимини шакллантириш;
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва реабилитация қилиш соҳасидаги ишларни амалга ошириш доирасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш;
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш жараёнига хусусий сектор вакилларини кенг жалб этиш орқали уларга тегишли имтиёзлар беришни назарда тутувчи давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида давлат-хусусий шерикчилик тизимини ривожлантириш;
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларнинг психологик, ижтимоий-маиший таъминот ва иш билан таъминлаш фаолиятини тайёрлаш, прогнозлаш ва режалаштириш;
рецидив ва такрорий жиноятлар сонини камайтиришга қаратилган таъсирчан чоралар кўриш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини кучайтириш;
в) Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган ва махсус коммендатура ҳисобидан чиққан шахсларни ижтимоий мослаштириш марказлари негизида Озодлиқдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказлари (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) ташкил этилганлиги ва уларга қуйидаги:
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини ташкил этиш ва таъминлаш, тегишли тартибда кийим-кечак, озиқ- овқат ва турар жой учун бир марталик тўланадиган нафақа пули бериш орқали уларнинг бирламчи эхтиёжларини қондириш;
мақбул ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, соҳа мутахассислари (психолог, тиббиёт ходими, ҳуқуқшунос ва бошқалар)дан ёрдам олиш, зарур ҳолатларда даволанишга, қариялар ва ногиронлар уйларига йўлланмалар бериш;
реабилитация қилишда, уй-жой ва маиший ҳамда бошқа ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилишда, қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар олишда ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилганлиги;
Марказларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
ва ҳокимликлар ҳузуридаги Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга ижтимоий-маиший соҳада ва иш билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш махсус комиссиялари, ички ишлар органлари
ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлиқда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг индивидуал дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, ҳар ойда суд қарори бўйича ушбу тоифадаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш индивидуал дастурларининг жойларда ижро этилишини ўрганиш топширилганлиги;
г) 2019 йил 1 январдан бошлаб жазони ижро этиш муассасаларида:
тўлиқ ижтимоий мослаштириш мақсадида маҳкумларни тизимли ўрганиш ва уларнинг онгини ўзгартиришга қаратилган тарбиявий ишларнинг ягона комплекс тизими жорий этилганлиги;
маҳкумларни аҳлоқан тузатиш, уларга қонунга итоаткорлик рухини сингдириш, жамиятнинг ижтимоий фаол аъзоси бўлишига ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал манзилли дастурлар ишлаб чиқилганлиги ва тасдиқланганлиги;
маҳкумларга ҳужжатлаштириш масаласи (шахсий ҳужжатларни тиклаш, паспорт олиш)да ёрдам кўрсатилади, уларнинг пенсия суғуртаси, меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилингунга қадар амалга оширилиши;
д) маҳкумлар билан тарбиявий ишлар уларни қуйидаги тоифаларга ажратган ҳолда амалга оширилиши:
тарбияси оғирлар - улар билан маънавий қиёфасини яхшилашга доир чора-тадбирлар амалга оширилади, уларни содир этган жиноятидан пушаймон бўлишга ва қонунга итоаткор турмуш тарзига риоя қилишга ундайди;
тузалиш йўлига кирганлар - уларга мустақил меҳнат кўникмасини уйғотиш ва ижтимоий фаол ҳаётий позициясини ривожлантириш мақсадида тарбиячилар бириктирилади;
тўлиқ тузалганлар - уларга нисбатан тўлиқ ижтимоий мослаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши;
е) тарбиявий ишлар уч босқичда амалга оширилиши:
маҳкум жазони ижро этиш муассасасига келиб тушган босқичда унинг психологик аҳволи тузалишга бўлган мойиллигини аниқлаштириш орқали олдиндан ўрганиши;
маҳкумнинг онгини ўзгартириш, унда содир этган жиноятидан пушаймон бўлиш ҳиссини уйғотиш бўйича чора-тадбирлар олиб бориши;
маҳкумни талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликларга ўқитиш учун касбий таълимни ташкил этиш, ўқиш якуни бўйича тегишли ҳужжат тақдим этиш ва келгусида иш билан таъминлаши;
шахснинг жазони ижро этиш муассасасидан озодликка чиққан пайтидан бошлаб бир йил мобайнида ижтимоий ҳаётга мослашиш сифатини ўрганиш белгилаб қўйилганлиги;
ё) Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, шунингдек Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт ишлари бўйича комиссиялар зиммасига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг бирламчи ташкилотлари, шунингдек, туман ҳокимликлари, таълим муассасалари ва бошқалар билан яқин ҳамкорлиқда озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод бўлган вояга етмаган шахсларни реабилитация қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш вазифасини юклаш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланганлиги;
ж) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига:
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ички ишлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари органлари, соғлиқни сақлаш ва марказлар ўртасида идоралараро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаши;
жазони ижро этиш муассасалари негизида, хўжалик юритувчи субъектларни жалб этиш орқали, давлат-хусусий шерикчиликнинг имкониятларини қўллаган ҳолда маҳкумлар озодликка чиққунга қадар олган мутахассислиги бўйича тегишли ҳужжатларни тақдим этишни назарда тутиб, уларни меҳнат бозори талабига мос мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириши;
ҳар йили 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти ва меҳнат органларига келгуси календарь йилида озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинадиган шахсларнинг сони ҳамда уларнинг касби ва мутахассислиги ҳакида прогноз тақдим этилишини таъминлаш топширилганлиги;
з ) Вазирликлар ва идораларга ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши (Т.Романов), Ички ишлар вазирлиги (А.Темирханов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (У.Сабуров), Молия вазирлиги (М.Содиқов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Д.Ходжиев), Озодлиқдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказлари билан ҳамкорлиқда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг индивидуал дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, ҳар ойда суд қарори бўйича ушбу тоифадаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш индивидуал дастурларининг жойларда ижро этилишини ўрганиш топширилсин.
4. Манфаатдор вазирликлар, идоралар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Жуманов ва Ички ишлар вазири А.Темирханов зиммасига юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев