22.12.2024, Екшемби

II халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ғолиблари аниқланди

Нукус шаҳрида II халқаро бахшичилик санъати фестивали ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Нукус шу кунларда янада тароватли кўринишга кирган. Тақдирлаш маросими муносабати билан тадбир ўтадиган саҳна тантанавор, байрамона кўринишда.

Чорлов мусиқаси янграйди. Халқаро бахшичилик санъати фестивалини мадҳ этувчи мусиқа садоси остида саҳнага бошловчилар чиқиб келишади.

Мамлакатимизда миллий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ўзбекистон Републикаси Президентининг 2021 йил 10 апрелдаги «II халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бунинг яна бир ёрқин мисолидир. Унга асосан юртимизда иккинчи маротаба ўтказилаётган мазкур фестиваль ҳам ўз якунига етди.

Мазкур фестиваль дунё халқларининг бахшичилик санъати, маданияти анъаналарини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, тили, дини, миллатидан қатъий назар, барча халқларни санъат орқали яқинлаштириш ва улар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар шафелигида ўтказилиб келинаётган йирик халқаро фестиваллардан бирига айланди. Унда дунё тароналари янграмоқда.

Халқаро фестиваль тадбирларида сайёрамизнинг турли қитъаларидан 60 дан ортиқ давлат, кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этгани ҳам шундан далолат беради.

Шу кунларда дунё бахшичилик санъатининг бош саҳнасига айланган Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри аксарият давлатларнинг диққат-эътиборида десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, халқаро танловнинг ҳайъат раиси, IOV Халқаро фольклор ташкилотининг Осиё минтақаси бўйича директори, доктор Мун Хюнг Сук Ўзбекистонда бахшичилик санъатини равнақ топтириш масаласи мамлакат етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг эътиборида эканини таъкидлаб, Нукусда бўлиб ўтган II халқаро бахшичилик санъати фестивали бунга яққол мисол бўлганини таъкидлади.

II халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ўтказилган кўрик-танловда бош соврин – Гран-прини Жанибек Пиязов (Ўзбекистон) қўлга киритди.

1-ўрин Юлиана Кривошапкина (Россия, Якутия), яна битта 1-ўрин Феруз Норматов (Ўзбекистон)га берилди.

2-ўринга Элмира Жангаберген (Қозоғистон), Мубариз Алиев (Озарбайжон), Алексей Ховаляг (Россия, Тува), Гулбаҳор Ахимбетова (Ўзбекистон) каби ижрочилар сазовор бўлишди.

3-ўринга Самад Кочобаев (Қирғизистон), “Каукасус” гуруҳи (Грузия), Хоссейин Гейлан (Эрон), Бахшиқул Тоғаев (Ўзбекистон) муносиб топилди.

Шунингдек, турли номинация ва йўналишлар бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар тақдирланди .

Жозибадор куй-қўшиқлар янграйди. Бахшиларнинг ижроси дилга завқ ва шукуҳ бағишлайди. Дарҳақиқат, тинч ва осуда юртгагина байрамлар, достону қўшиқлар ярашади.

Назокат Усмонова, ЎзА