Қорақалпоғистон
Республикаси Беруний туманида «Шўрланган ерларнинг шўрини ювиш» мавзусида
кўргазмали илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Бу ҳақда
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ЎзА
мухбирига малум килди.
Тадбирда
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Ирригация
ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти, Амударё ҳавзасида жойлашган
вилоятларнинг сув хўжалиги мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги
ҳузуридаги барча тизим ташкилотлари ва туман ирригация бўлимлари масъул ходимлари
ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз
раҳбарининг жорий йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида сув
хўжалиги соҳасини ривожлантириш, мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш ва
экин майдонларининг шўрланиш даражасини камайтириш бўйича қатор вазифаларни
белгилаб берган эди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ишчи гуруҳ
экин майдонларини кўздан кечириб, Қорақалпоғистонда ер майдонларини лазер
қурилмалари ёрдамида текислаш ва шўр ювишни ташкил этиш бўйича кўргазмали
илмий-амалий семинар уюштиришга келишиб олди. Кўргазмали илмий-амалий семинарни
ўтказиш ва шўр ювишга ерларни тайёрлаш учун Беруний туманидаги кластер
ташкилотига тегишли майдонлар танланди. Ерларни тайёрлашдан олдин ва кейинги
ҳолатини солиштириш, ер қўшиш ишларини таҳлил қилиш мақсадида ҳудуд дрон ёрдамида
фото ва видео съёмка қилинди.
Қорақалпоғистон
Республикаси Сув хўжалиги вазири Ж.Узақовнинг таъкидлашича, мазкур ҳудуддаги
экин майдонларини шўр ювишга тайёрлаш бир неча босқичда амалга оширилди.
Лазерли ускуна ёрдамида дала ўртасидаги марзалар, паст-баланд ерлар текисланди.
Электр симёғочлар дала четига кўчирилиб, 2,2 гектар қўшимча ер қўшилди.
Бу ишларга
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотлари,
жумладан, Пахта Арна-Найман ирригация тизими бошқармаси, Беруний насос станциялари
ва энергетика бошқармаси, туман ирригация бўлимидан жами 100 нафардан ортиқ
ишчи-ходим, ҳудуддаги суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалашга 7 та
махсус техника жалб қилинди. Илмий-амалий семинарда шўрланган майдонларда
амалга ошириладиган агротехник тадбирлар, қўлланиладиган воситалар ҳақида
маълумотлар берилди ва махсус кесувчи қурилма билан жиҳозланган инновацион
Ҳюндаи Р220ЛC-9С экскаваторининг тақдимоти ўтказилди.
Иштирокчилар
ижтимоий масофани сақлаган ҳолда гуруҳларга бўлиниб, пешлавҳалардаги
тақдимотлар ва даладаги амалий ишлар билан танишдилар. Улар ўзларини
қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Тадбирда чет
эллик инвесторлар ҳам иштирок этди. Улар билан янги режалар муҳокама қилинди.
Жумладан, Жаҳон банки иштирокида «Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини
бошқаришни яхшилаш» лойиҳаси белгиланган жадвал бўйича 2021 йилнинг сентябрь
ойида якунланиши керак эди.
Сув хўжалиги
соҳаси олдига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, бу борадаги ишларни янада
жадаллаштириш мақсадида пудратчи ташкилотлар билан музокаралар ўтказилди.
Инвесторлар билан биргаликда «Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини
бошқаришни яхшилаш» лойиҳасини 2021 йилнинг март ойи охиригача тугатиш бўйича
жадвал ишлаб чиқиш ва ишларни жадал суръатларда олиб боришга келишиб олинди.
Анжуманда
таъкидланишича, эндиликда олдинги йиллардагидек, ойлаб шўр ювишга сув беришнинг
имкони йўқ. Мавжуд сувлардан оқилона фойдаланиш учун эса ерларни шўр ювишга
сифатли тайёрлаш лозим. Шу боис жорий йилда бу тадбирга алоҳида тайёргарлик
кўрилмоқда. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 2020-2021 йилларда
кузги-қишки даврда жами 155,72 минг гектар майдонда шўр ювиш тадбирларини
ўтказиш белгиланган.
Шундан,
23,37 минг гектари кучли шўрланган майдон бўлса, 77,85 минг гектари ўрта ва
54,49 минг гектари кучсиз шўрланган майдон ҳисобланади. Бу борада барча
туманлардаги экин майдонлари кесимида шўрланиш даражаси ва шўр ювиш
тадбирларини ўтказиш жадваллари ишлаб чиқилган. Тадбир якунида Қорақалпоғистон
Республикасининг барча туманларида 2020-2021 йилларда кузги-қишки шўр ювиш ва
ерларни лазер ускунаси ёрдамида текислаш бўйича кўргазмали семинарлар ўтказишга
келишиб олинди. Шунингдек тадбир доирасида матбуот анжумани ҳам ўтказилди.
Кўргазмали
семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамроев нутқ сўзлади.
Довуд
АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА