22.12.2024, Екшемби

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси остида

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга  ташрифи чоғида  юртимизнинг ўзига хос иқлими, табиий ресурслари ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди.

Фаол инвестиция ва ташқи савдо фаолиятини ривожлантиришда иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида туманда бир қанча корхоналар фаолият юритмоқда.

«Тўрткўл шиша идишлари» масъулияти чекланган жамияти 2017 йилда ташкил топди. 46 млрд.2 млн сўмлик лойиҳа асосида йўлга қўйилган мазкур жамият 2019 йил июнь ойидан бошлаб тўлиқ қувват билан ишга туширилди. Ҳозирги кунда 170 нафардан ортиқ ишчи доимий иш билан банд. Иш 3 сменада ташкил қилинган бўлиб, бу- иш самарадорлигини оширишга ўз улушини қўшмоқда.


Корхонада асосан йилига 85 млн. дона фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган шиша идишлари ишлаб чиқарилади. Бу ерда  ишлаб чиқарилган  шиша идишлар нафақат туманимизда, балки бошқа республикаларга ҳам экспорт қилинмоқда.

   Хусусан, ўтган йили корхона қўшни Тожикистон ва Туркманистон давлатларига  70,3 минг долларлик 293 тонна маҳсулот экспорт қилган бўлса,  жорий йил август ойи якунида бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 6 баробар кўп экспорт қилишга эришилди. 


Юртбошимизнинг «Биз коронавирус шароитида яшашга ва ишлашга ўрганишимиз керак», деган сўзларига риоя қилган ҳолда корхонада карантин даврида ҳам иш тўлиқ сменада юритилди. Тадбиркор замон талабига ҳамнафас бўлган ҳолда шиша ишлаб чиқариш цехида яна бир янгиликни киритди. Эндиликда шиша идишларига буюртма берган корхона ўзининг савдо белгисини ҳам шишага бостириб олиш имконига эга бўлди. 

Юртимизда ривожланиш ва замон талабидан келиб чиққан ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурати туғилиши табиий. Иш фаолиятини кенгайтириш орқали мижозларга янги маҳсулотларни тавсия қилиш истагида бўлган  корхона раҳбари 2022 йилда 32 млн долларлик флоат ойна ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги лойиҳани ишга туширишга бел боғлаган.

Ушбу лойиҳа амалга оширилса, яна 200 нафар ишсиз фуқаро доимий иш билан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11декабрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  4549-сонли қарорига мувофиқ «Тўрткўл кунжути» масъулияти чекланган жамияти асосий турдаги  мева-сабзавотчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида биринчилар қаторида кластер мақомига эга бўлди.

Мана олти йилдирки яхши натижаларга эришиб келаётган тадбиркор Серикбай Рахметов раҳбарлигидаги ушбу жамият асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган.

Жамиятда кунжут ва мошни қайта ишлаш цехлари ва иссиқхона ишлари йўлга қўйилган. Ушбу корхонага 453,4 гектар ер бириктирилган бўлиб, шуларнинг 152,4 гектари 21 та фермер хўжаликларига, қолган 301 гектар ер кластерга  тегишли. Яъни, жамиятда кластер асосида йўлга қўйилган ишлар маҳсулотнинг даладан  дастурхонгача бир одамнинг қўлидан ўтиши, бу-маҳсулотнинг арзон ва сифатли тарзда истеъмолчига етиб боришида катта аҳамиятга эгадир.




Ушбу корхонанинг йилига умумий ишлаб чиқариш қуввати 13 500 тонна бўлиб, шундан кунжут цехи 10 000 тонна, мош цехи йилига 3500 тоннани ташкил этади.

Корхонанинг ишлаб чиқариш цехларида ҳамда иссиқхонада етиштирилаётган полиз экинлари бугун чет давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Жумладан,  ўтган йили корхона 1335 минг долларлик 817 тонна маҳсулот экспорт қилишга эришган бўлса, жорий йил  август ойи якунигача 1058,3 минг долларлик 6240,5 тонна маҳсулотни экспорт қилди.

Жаҳон стандартларига жавоб берадиган сифатли  маҳсулотлар бугун Туркия, Қозоғистон, Эрон, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирлиги давлатларига ҳам экспорт қилиб келинмоқда.

Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб келаётган жамиятимизнинг мустаҳкам таянчлари «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси остидаги маҳсулотларни бунданда кўп давлатларга етказишларига ишончимиз комил.

Манзура Бекчанова,

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.